Ғалати-ғалати псевдобюджет ташкилотлар бор. Шулардан бири "Оила" Республика илмий-амалий маркази ҳисобланади. Борлигини ва ажратилган маблағларни бежиз ишлатмаётганлигини далиллаш учун ҳар-ҳар замонда ажабтовур таклифлар чиқиб туради бу Марказдан.
Хуллас, мана шу Марказ яна битта Марказ - "Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш" Марказларини ташкил этиш ва бу марказларда никоҳланувчи шахсларни ўқитишни таклиф этмоқда. Ўқиганларга сертификат ҳам бериларкан. Ҳозирча ихтиёрий, кейин, ким билсин, вазият ва иштаҳага қараб балки мажбурий-ихтиёрий бўлар.
Шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шахсий танлов ва ҳуқуқ масалаларини, майли қўйиб турайлик. Янги Марказлар қайси пулга ташкил этилади, дерсиз. Албатта сиз ва бизнинг тўлаган солиқларимиз эвазига. Маҳаллий бюджет (биз тўлаган солиқлар), Хотин қизлар қўмитаси (биз тўлаган солиқлар) ва Ёшлар иттифоқи (биз тўлаган солиқлар) ва бошқа манбалар (ўзбекчасига мажбурий ҳомийлик) ҳисобига Марказ фаолияти молиялаштирилади.
Ҳурматли солиқ тўловчилар, сиз ва биз тўлаган солиқлар эвазига фаолият кўрсатадиган навбатдаги Марказни ташкил этилишига муносабатингизни ҳаволада билдиришингиз мумкин.
https://regulation.gov.uz/ru/document/10069