Албатта, ижарада яшайдиган талабалар учун ижара ҳақининг 50 фоизи компенсацияланиши жуда яхши қарор.
Битта манбада, 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади. Дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг нафар ёшлар қамраб олинади, дея қайд этилган.
Бошқа манбада эса 130 минг талаба қамраб олиниши ва навбатдаги ўқув йилида бунинг учун 100 миллиард сўм ажратилиши айтилган.
Кейинроқ батафсил, тўлиқроқ маълумотлар очиқланади албатта. Ҳозирги мулоҳазалар рақамлар аниқлиги ҳақида эмас, янги харажатларнинг бюджетга юки ҳақида.
Агар ажратилаётган 100 миллиард сўм пул қайд этилганидек 1 майдан бошлаб қамраб олиниши кўзда тутилган 130 минг талабага йўналтирилса, ижарада турган битта талабага 769 231 сўмдан компенсация режалангани маълум бўлади. Балки бу жорий ўқув йили охиригача, яъни май ва июнь ойлари учун мўлжаллангандир.
Агар, масалан, ижарада яшаши айтилаётган 130 минг талабага (улар сафига янги ўқув йилида талаба бўладиганлар ҳам қўшилиши мумкин) 50 фоизлик компенсация тақдим этилса ва шартли равишда буни 500 минг сўмдан деб олсак, 10 ой давом этадиган келаси янги ўқув йили учун камида 650 млрд.сўм пул керак бўлади.
Кичкина рақамлар эмас. Бунинг ёнига яна ётоқхоналар қурилиши учун ажратилиши айтилаётган 4,4 трлн.сўм маблағ қўшилса, харажатлар кўламининг гигантлиги янада ойдинлашади.
2021 йил бюджети тасдиқланганида бу харажатлар мавжуд эмас, кўзда тутилмаган эди. Энди нима қилинади?
Бюджетнинг бошқа харажатлари, масалан маъмурий бошқарув билан боғлиқ харажатлар қисқарадими ёки бюджет учун қўшимча манбалар, хусусан қарз маблағлари излаб топиладими?
Маълумот учун 2021 йил консолидацияланган бюджетимиз қарийб 38 трлн.сўмлик, ёки ЯИМга нисбатан 5,4%лик дефицит билан тасдиқланган
- https://t.me/gazetauz_uzb/11186@gazetauz_uzb
- https://t.me/qurbonova_a/3786@qurbonova_a
- https://lex.uz/docs/5186044lex.uz