Бир талабага энг камида 12 кв.м. Соддалаштириш баҳонасида қийинлаштириш
Ташқаридаги ҳаётга солиқ тўловчиларнинг ҳисобига олинган Мерседесда ястаниб ўтириб, қорайтирилган ойнасидан қарайдиган, улкан кабинети, комфорт дам олиш хонаси, ҳашаматли қабулхонаси ўлчовлари билан ўзининг қуратини бошқа амалдорлар қудрати билан солиштирадиган, Ўзбекистон 24 ёки Россия 24 канали воситасида воқеликни қабул қиладиган ўзбек чиновниклари учун соддалаштириш деган атама ўзбекистонликлар учун доим қийинлаштириш ёки мураккаблаштириш деган маънони ва оқибатларни англатиб келган.
Демак, “Ейиладиган вакциналар ишлаб чиқариш” режалари ва пандемия давридаги бошқа бюджет ўзлаштирувчи инновациялари билан машҳур бўлган Абдураҳмонов Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ўтган кейин талабалар устидан тажрибаларини давом эттирмоқда. Бу сафар энди Абдураҳмонов раҳбар бўлган вазирлик талабаларга ижара тўловининг бир қисмини қоплаш тизимини "соддалаштирмоқчи".
Вазирлик ишлаб чиққан лойиҳага кўра, ижара шартномасида икки ва ундан ортиқ талабаларни расмийлаштиришда хонадоннинг майдони ҳар бир талаба учун 12 (ўн икки) метр квадратдан кам бўлмаслиги лозим.
Бу дегани масалан, 24 квадратгача бўлган бир хонали квартирани икки талаба, 36 квадратгача бўлган квартирани уч ва ундан кўпроқ талаба ижарага олган тақдирда, талабалар ижара тўлови компенсациясидан маҳрум бўладилар.
12 кв. метр деган норма қаердан пайдо бўлгани қизиқ. Ўзбекистонда талаба учун неча квадрат метр ётоқхона нормаси белгиланганидан бехабарман. Лекин ўзбек чиновникларининг севимли оғалари бўлган рус чиновниклари Россияда бир талаба учун 6 кв.метрлик норма ўрнатишган.
Узоққа бормайлик, ҳатто оилавий ётоқхоналар учун Ҳукуматнинг ўзи бир киши учун ўрнатилган норма 7 квадрат метрдан иборат этиб белгилаган.
Мақсад нима? Талабаларнинг комфортими? Ёки талабаларга мўлжалланган компенсация пулини тежаб қолиш ва бошқа инновациялар орқали ўзлаштиришми?
Вазир жаноблари Чилонзор ё Юнусободни айтмайин, ҳатто Қорақамишу, Янгиҳаётдан ҳам 150 долларга 20 кв.метрлик бир хонали квартира олиб бўлмаслигини биладими? Ўша 1 хонали квартирада талабалар учлашиб, бешлашиб яшашлариничи? Ижарадан ошгани фақат тухум ва буханкага етишини-чи?
P.S. Шаҳарсозлик нормаларига кўра, бир талаба учун белгиланган ётоқхона нормаси 4,5-6 метр квадрат экан.
Демак, талабаларга ётоқхона топиб бера олмаётган Абдураҳмонов ижарада турадиган ва компенсация олмоқчи бўлган талабалар учун бу нормани 2-3 баробарга оширмоқчи.