Айтаверамиз ҳам, қайтаверамиз ҳам
Иқтисодиётда давлат улушини камайтириш, хусусийлаштириш ҳақида тинимсиз гапирилади. Давлат назорати ва эгалиги остида бўлган иқтисодиёт билан иқтисодий ўсишни, тараққиётни таъминлаб бўлмаслигини ўзимизнинг аччиқ тажрибамизда ҳам кўрдик, кўрмоқдамиз.
Вазиятни ўнглаш учун, иқтисодиётни давлат юкидан ҳалос этиш йўлида айрим қадамлар ҳам қўйилган. Масалан, ўтган йили “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон қабул қилинган.
Унда аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилган:
битта товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган соҳаларда давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг, шунингдек уларнинг аффилланган шахсларининг ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларининг ташкил этилишига йўл қўйилмайди.
Лекин Фармон талабларига шундоқ кўндаланг қўйиб, боғдорчилик ва узумчилик соҳасида «Агросервис оператор» давлат унитар корхонаси ташкил этилмоқда. Яна Ҳукумат қарори асосида.
Ўзимиз ёзган фармонларга ўзимизнинг амал қилмаслигимиз норма-ку бизда. Банкларни хусусийлаштирамиз деб уларнинг капиталига давлат яна пул беради, маъмурий ислоҳотлар қиламиз, деб янги ва янги вазирликларни ўйлаб топамиз. Эрталабки ваъдамизга тушликка келиб тупуриб юборамиз.