Истиқболимиз вакциналашга боғлиқ
Депутат Ғаниевнинг вице-премьер Мусаевга таяниб ёзишича, вакцина билан эмлаш жараёнларини суст кетаётганлигининг асосий сабаби 65+ фуқароларимиз орасида эмланишни истаётганлар сони камлиги, вакцинага нисбатан ишонч камлигида экан.
Албатта, ёши улуғларимизнинг қарашлари, эътиқоди ва муносабати ўз ўрнига эга. Лекин бу билан қўл қовуштириб, оқсоқоллар, момолар келмаяпти, деб ўтириш ҳам тўғри эмас.
Шундай режимга ўтишимиз лозимки, 65+ ёшдагилар вакциналашнинг исталган босқичида эмланиш бўйича приоритетни сақлаб қолсин. Унгача бошқа аҳоли қатламларини вакцина билан қамрашни сусайтирмаслик зарур.
Шу билан бирга, муфтият, уламолар, имомлар, умуман олганда диний жамоатларда ўз ўрнига эга етакчиларнинг ўрнак бўлиши алоҳида аҳамиятга эга. Домла имомларимизнинг ихтиёрлари билан шу муборак кунларда ўзлари эмлашга бошчилик қилиб,намуна бўлсалар, жамоатчилигимизга эзгу муждалар тақдим этилган бўларди.
Яна бир гап тижорий вакциналаш билан боғлиқ. Мамлакатимизда иқтисодий фаол, ўзи ва яқинларининг ҳаёти учун юқори даражада масъулиятли, замонавий тушунчага эга аҳоли қатламлари анчагина. Улар давлат ёрдамисиз ҳам ўзининг эмланишини истайди ва бунга имкон топа олишади.
Қолаверса, мамлакатимизда ходимлари ва ходимлари оила аъзолари саломатлигини қадрлайдиган банклар, суғурта , савдо-ритейл, туристик компаниялар кўп. Бизнес ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини тезкорлик билан вакцинациялашдан ҳар томонлама манфаатдор, чунки мижоз билан мулоқотисиз бу компанияларнинг фаолиятини тасаввур этиш қийин. Ходимларни тижорий йўл билан вакцинациялаш ўрта ва йирик бизнес учун ортиқча юклама бўлмайди.
Шунинг учун вакциналарни сотиб олиш, сақлаш ва етказиш билан боғлиқ тегишли инфратузилмаларга эга ёки ташкил эта оладиган хусусий компаниялар учун вакциналашга рухсат бериш ҳақида ҳам ўйлаш лозим. Бунга юқорида санаганларимиз сегментлардан етарлича талаб бор.
Ўтган йили, агар эсласангиз, токи хусусий компанияларга тест олишга рухсат берилмагунча, тест олиш билан боғлиқ аҳвол ўта мураккаб ва қийин даражада эди. Тестлаштириш билан боғлиқ юкламанинг бир қисмини хусусий компаниялар ўз зиммасига олиши вирусга қарши курашда ҳал қилувчи ўринга эга бўлгани ҳали ёдимизда.
Шундай экан, нега хусусий компаняиларни жараёнга қўшиш мумкин эмас?
Давлат бу йил 7 млн ўзбекистонликни эмлашни режа қилмоқда, унинг ёнига яна қўшимча шартли 3 млн ўзбекистонлик тижорий йўл билан эмланса ёмонми?
Тушунишимиз ва қабул қилишимиз лозим, токи вакцинациялаш мантиқий якунланмас экан, мамлакат тўлақонли очилмайди, иқтисодиёт доимий стресслар ортида депсиниб тураверади, таълим ва медицина каби ижтимоий хизматларнинг сифати ҳаминқадарлигича қолаверади.
Йигирма биринчи асрнинг йигирма биринчи йилида давлатнинг сифати ва қудратига фақат вакциналаш жараёнига қараб баҳо бериш мумкин.
@the_bankiroff