Ер усти метросини ўзга сайёраликлар қурганми?
Тошкент метрополитени ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб кетиши муносабати билан ер усти метросида ҳаракатланувчи поездлар ҳаракатини 30-35 км/соатгача пасайтиришини маълум қилмоқда. Поезднинг суви қайнаб кетди, деб тўхтатиб қўйишмаганигаям раҳмат.
Менда шунақа хабарлар катта таажжуб ва ҳайрат уйғотади.
Тошкент метросини ким қурган ўзи? Марсликларми? Душманларми? Ўғриларми? Ёки душманларнинг дўстларими?
Метро қуришда Ўзбекистонда ёзги ҳарорат 45-50 даражагача исиши, қишда -15-20 даражагача қаҳратон совуқ бўлиши, иқлимимиз кескин континенталь эканини билишмаганми? Лойиҳани ким тузган?
Ҳар куни метро билан боғлиқ фавқулодда ҳодисага дуч келинади.
Бир қарасанг, свет ўчади, метро учун доимий камида иккита захира линия зарурлигини наҳотки билишмаса?
Бир қарасанг, станциялар томини шамол учириб кетди. Ўзбекистонда шамол тезлиги 20-25 метргача етишини билишганми қурувчи ва лойиҳачилар?
Поездлар тўқнашувини-ку айтмай қўя қолай. Поезд машинистлари ва бошқарув маркази ўзаро доимий алоқаси метро хавфсизлигининг биринчи шарти эканини умрида метрога тушмаган одам ҳам биладику.
Ва энг асосий савол, нега метрода нимадир ҳодиса юз берса, доим бу ҳодисани ўрганиш шу ҳодисага эҳтимолий сабабчи одамнинг ўзига юклатилаверади?
@the_bakiroo
- https://t.me/AAAAAEhqMj5am1_n7C4kWA/1577@AAAAAEhqMj5am1_n7C4kWA