Тошкент шаҳри иқтисодиёти охирги 3 йилда икки баробар юксалганми? Йўқ, бу ёлғон!
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Американинг Crow Holdings компанияси мутасаддилари билан учрашувда шаҳар иқтисодиёти охирги 3 йилда икки баробар юксалганини қайд этган.
Ростанам шундайми ўзи?
Расмий статистикага кўра, Тошкент шаҳар ялпи ҳудудий маҳсулоти жорий нархларда 2018 йилда 58,3 трлн.сўмни (ўсиш 11,9%), 2019 йилда 78,4 трлн.сўмни (ўсиш 8,8%), 2020 йилда эса 88,6 трлн.сўмни (ўсиш 1,5%) ташкил этган. Бу жорий нархларда.
Агар статистикада қўлланиладиган солиштирма ўзгармас нархларни инобатга олсак, охирги 3 йилда пойтахт иқтисодиёти реалликда 23,6%га ўсган холос.
Фикри ожизимизча, ҳоким жаноблари ўзларининг иқтисодиётини шаҳар иқтисодиёти билан чалкаштириб юборган бўлишлари мумкин.
Дарвоқе, пойтахтнинг амалдаги хўжайини охирги 3 йилдаги бунёдкорликлар кўлами бундан аввалги 70 йилда қилинган ишлар ҳажми билан тенг эканлигини ҳам қистириб кетган.
Бунисига баҳо бериш ўзингиздан. Маълумот учун, Ортиқхўжаевгача бўлган 70 йилда Тошкент шаҳри ҳудуди турли манбаларга кўра, ўртача 3 баробар кенгайиб, аҳолиси 3 мартага кўпайган.