"Олигархлар бўлмайди"
Эсингиздами, раҳматли Ислом Каримов даврида "Бизда Олигархлар бўлмайди" чақириғи тез-тез янграб турарди.
Ислом Каримовнинг амалга ошмаган идея-фиксларидан бири Украинада рўй берадиган кўринади. Ўтаётган ҳафта Украина Президенти Зеленский мамлакатда олигархик тизимга интиҳо берадиган қонун лойиҳасини Радага киритди. Лойиҳа "Жамият ҳаётида ҳаддан зиёд иқтисодий ва сиёсий кучга эга (олигарх) шахсларнинг миллий хавфсизликка бўлган таҳдидларининг олдини олишга қарши кураш" Қонуни деб номланган.
Зеленский миллатга мурожаат қила туриб, "Ҳа, Украинада олигархлар бор. Ҳа, улар сиёсатга босим ўтказади. Ва бунақаси энди кетмайдм. Ўзингиз ва яқинларингизни асранг. Украинага шон-шарафлар!" деб айтган.
Қуйидаги мезонлардан учтасига мос келадиган шахслар олигарх деб топилади:
1) Сиёсий ҳаётда иштирок этади;
2) ОАВларга ҳаддан зиёд таъсир кўрсатади;
3) Табиий монополиялар ёки товар бозорларида монопол ҳолатга эга хўжалик субъектларининг якуний бенефициари;
4) Тасдиқланган (ўз ва бенефициарлигидаги) активлари ҳажми яшаш минимумининг 1 миллион баробаридан зиёд (бу тахминан 80 миллион АҚШ доллари).
Олигарх деб топилган шахслар сиёсий партияларни молиялаштира олмайди. Хусусийлаштирилаётган давлат активларида сотиб олувчи бўла олмайди. Олигарх деб топилганлар худди давлат чиновниклари сингари декларация топширишга мажбур бўлишади.
Собиқ советлар орасида ҳеч бир мамлакат Украиначалик олигархлардан зиён топмаган. Айнан олигархик тизим мамлакатнинг ожизланиши ва 15% қисми Россия томонидан босиб олинишига замин яратган. Украина ЯИМ ҳажми бўйича 1991 йил даражасига чиқа олмаган ягона постсовет давлат, лекин ўнлаб миллиардер олигархлар мамлакатни талашда давом этмоқда.
Олигархия заракунандалигидан жавр чекаётган биргина Украина эмас.
Мамлакатимизнинг янги даврида ички ва ташқи олигархиянинг қарорлар қабул қилиш ва миллий бойликларни ўзлаштиришдаги таъсири ҳаддан зиёд ошди. Мамлакатнинг қонини ичаётган ва ўзига қулай қоидалар яратиб бойликларни четга ташиб кетаётган олигархия борасида ҳозирда на элитада, на жамиятда консенсус мавжуд.
"Бизда олигархлар бўлмайди" принципларидан ички ва ташқи олигархия билан оғиз-бурун ўпишишгача етиш қандай оқибатларга олиб келгани ва келаётгани ҳақида кун тартибига масалани олиб чиқишга бировнинг юраги бетламайди.
Нима бўлгандаям, бир ҳақиқатни англаш лозим, олигарх миллиардерлар ва қашшоқлар, қасрлар ва харобалар, шоҳона ҳаёт ва очлик хавфи ёнма-ён мамлакат ҳеч қачон барқарор бўлмайди.
@the_bakiroo