Коммунал соҳа: қора туйнук охирида нур борми?
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги соҳага оид қатор маълумотлар ва режалаштирилаётган лойиҳаларни инфографика кўринишида тақдим этди.
Хусусан, қайд этилишича, ҳозирда пойтахтда 117та Бошқарув компанияси ва 2060 та ширкат мавжуд. Ширкатларнинг фақат 658 таси яхши сифатида, қолгани эса ўрта ва оғир тоифада таснифланган.
Тошкент шаҳридаги ширкатларнинг 500 млрд.сўмдан ортиқ кредит қарздорлиги мавжуд. Ушбу кредитларнинг 90 млрд.сўмдан ортиғи муаммоли. Аҳолининг дебитор қарздорлиги 72 млрд.сўм. Яъни аҳоли ширкатлар олдидаги қарздорлигини тўлиқ қайтарган тақдирда ҳам бу муаммоли кредитларни сўндиришга етарли бўлмайди.
Тошкент вилоятида аҳвол бундан ҳам оғир. Ширкатларнинг банклар олдидаги жами 155 млрд.сўмлик кредитларининг учдан бири, яъни 51 млрд.сўми муаммоли.
Аҳоли, Ширкатлар ва Банклар ўртасида масъулиятсизлик занжири юзага келган. Аҳоли ширкатлар лозим даражада хизмат кўрсатмагани учун эксплуатация хизматлари бўйича ҳақ тўламайди, ширкатлар эса банклар олдидаги мажбуриятларини сўндирмайди. Аксар ширкатларга улар қарздорликни ҳеч қачон қайтара олмаслигини била туриб ҳам, ҳокимиятлар босими остида кредитлар расмийлаштирилган.
Тақдим этилаётган концепцияга кўра, Бошқарув компанияларининг рейтинг тизими йўлга қўйилади, ягона дистпетчерлик хизмати ишга тушади. Бошқарув компаниялари "кўпроқ ишлаймиз, тез-тез тозалаймиз" тамойиллари асосида фаолият кўрсатиши қайд этилган. Бошқарув компанияларининг ҳисобдорлиги ҳам расмий форматда, ҳам кенг аҳолига тушунарли кўринишда йўлга қўйилади.
Албатта, режалар умидвор, асосийси, ширкатлар фаолиятини йўлга қўйишдаги каби хатоларга бормаслик, хусусан эгасизлик, сансалорлик, молиявий масъулиятсизлик, кампаниявозлик, давлат ва ҳокимият босими, нобозор маъмурчилиги каби салбий омилларни истисно этиш жудаям муҳим.
Ширкатларнинг кредит юки борасида эса уларни янги ташкил этилаётган Бошқарув компанияларига қайта расмийлаштириш йўлидан борилиши катта хато бўлиши мумкинлигини ёддан чиқармаслик даркор.
@the_bakiroo
- https://t.me/uyjoykommunaluz/1207@uyjoykommunaluz