Минтақалар ўртасида тенгсизлик кучайиб бормоқда
Янги даврда эски даврда туғилган жуда кўп муаммоларга эътибор қаратилди, тан олиш керак, айримлари ечилди, айримлари бўйича ҳарқалай ҳаракатлар йўқ эмас.
Лекин катта бир муаммо борки, айнан янги даврга келиб секин-аста кучайишни, бўй кўрсатишни бошлади. Бу ижтимоий тенгсизлик масаласи.
Ижтимоий тенгсизликни ўрганиш ва уни юмшатиш бўйича юқори даражада эътибор ва чоралар ҳозирча кўринаётгани йўқ. Ҳа, қашшоқлик ва қашшоқликка қарши кураш фаоллашган. Лекин камбағаллик ва қашшоқлик ҳақида гапирганда уни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири - кучайиб бораётган ижтимоий тенгсизлик ҳақида сукут сақлаш мумкин эмас.
Афсуски тенгсизлик нафақат турли ижтимоий қатламлар қирқимида ҳудудлар миқёсида ҳам юз бермоқда.
Яна статистикамизга қайтамиз. Солиштириш учун энг бой учта ва энг камбағал учта минтақаларни олайлик.
Энг бой Навоий ва энг камбағал Наманган вилоятларида жон бошига ЯҲМ фарқи 2021 йил 1- ярмида 5,3 баробарни ташкил этган. Ўтган йили мос даврда бу кўрсаткич 5,1, 2019 йилда эса - 4,6 баробардан иборат бўлган.
Топ-2 бой ҳудуд Тошкент шаҳри ва Топ-2 камбағал ҳудуд Сурхондарё вилоятларини солиштирамиз. Жон бошига ЯҲМ фарқи 2019 йилдан 2021 йилгача 3,9 баробардан 4,1 баробаргача етган.
Учинчи бой ҳудуд Тошкент вилояти ва учинчи камбағал ҳудуд Фарғона вилоятида жон бошига ЯҲМ фарқи охирги 2 йилда 2,1дан 2,3гача ошиб борган.
Фарқларнинг кенгаяётганини кўраяпсизми?
Давлатнинг вазифаларидан бири бу ижтимоий тенгсизликнинг кучайиб кетишига йўл қўймаслик, тенгсизлик қутблари ва қирраларини доимий юмшатиб туриш.
Ўта бой ёки ўта қашшоқ қатламларнинг, ҳудудларнинг мавжудлиги, фарқликларнинг кучайиб бориши давлатчилик барқарорлиги ва хавфсизлигини зимдан емиради. Бу жиддий хатар.
@the_bakiroo