Кредит ва депозит бозорида атипик ҳодисалар давом этмоқда
Марказий банк 1 август ҳолатига кредитлар ва депозитлар ўртача ставкалари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди. Маълумотлар билан танишганлар айрим ғалати ҳодисаларни қайд этмасликлари мумкин эмас.
Биринчидан, миллий валютада чакана кредитлар ва чакана депозитлар ставкалари ўртасидаги фарқ 2%гача тушган. Бунақаси ҳарқалай кредит ва депозитлар ставкалари тўғрисидаги ахборотлар очиқ эълон қилиб борилаётгандан буён кузатилмаган эди. Ўтган йил ноябрдан буён чакана депозитлар нархи муттасил ошиб бораяпти, шу йил апрелдан буён чакана кредитлар нархи эса тушиб бораяпти. Нима бўлгандаям, Банк тизими чакана бозорда мавжуд ва тўпланиб бораётган рисклар ўлароқ 2% маржа билан ишлашда узоқ давом эта олмаслиги аниқ. Тез орада ё кредитлар нархи ошишни бошлаши ё депозитлар нархи пасайишни бошлаши керак. Акс ҳолда чакана бозорга нисбий афзалликлар ва бўлажак йўқотишлар ҳисобисиз кириб кетаётган ўзбек банкларини яхшиликлар кутмайди.
Иккинчидан, миллий валютадаги чакана ва корпоратив депозитлар фоиз ставкалари ўртасидаги фарқ 4,8%га етган. Бунақаси охирги марта 2018 йил январда қайд этилган эди. Корпоратив ва чакана депозитлар ўртасидаги бунчалар фарқни иқтисодий қоидаларда тушунтириш жудаям қийин. Қолаверса, ҳар икки тоифага мажбурий захиралаш меъёрлари бир хил бўлса. Афсуски, ягона тушунтириш коррупцион сабабларга бориб тақалади. Яъни корпоратив депозиторлар банкларга депозитларини чакана депозитлардан фарқли ўлароқ бозор ставкаларида жойлаштиришмайди. Алоҳида ёпиқ келишувлар ўз ўрнига эга ва бу келишувлардаги ставкалар фақат ортиб бормоқда ва бу фарқликлар асосан давлат тузилмалари бўлган корпоратив депозиторларнинг менежменти томонидан ўзлаштирилишда давом этмоқда. Ўзбекистонда корпоратив депозитларни жойлаштириш бўйича ягона очиқ бозор - яъни платформа яратиш вақти аллақачон келган.
Учинчидан, хорижий валютадаги корпоратив депозитларнинг ставкалари ҳаддан зиёд волатиллигини эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Ўтган ойда хорижий валютадаги корпоратив депозитлар ўртача ставкаси 3,5%дан 4,3%гача ошганди. Бу ойда эса мазкур ставкалар 4,3%дан 3,2%гача пасайган. Бунақаси фақат валютадаги депозит бозорини камида ярмини эгаллаган йирик депозитор (катта эҳтимол давлат илкидаги фонд) депозит жойлаштирган ва қайтариб олгандагина рўй беради. Бозор иштирокчилари сигналларни тўлиқ англаши учун регулятор нафақат ставкалар, балки қолдиқлар тўғрисидаги ахборотларни ҳам очиқлаб борса бўларди.
@the_bakiroo
- https://t.me/centralbankuzbekistan/4645@centralbankuzbekistan
- https://cbu.uz/oz/statistics/dks/545160/cbu.uz
- https://t.me/centralbankuzbekistan/4646@centralbankuzbekistan