16K76Telegramda ochish
Шаҳарга тужжор ҳокимият эмас, маъмурият керак Шаҳар одамлар учун бўлиши керак, деб ёзмоқда Давлетов. Шаҳар жамоат транспорт тизимини ривожлантирмас эканмиз, яқин келажакда ҳокимларнинг машиналари ҳам тирбандликда қолади, деб хулоса қилмоқда у. Бунга жавобан "Замбаракнинг ўқи" канали "Ҳокимнинг машинаси тирбандликда қолса ҳам ҳеч нарса ўзгармайди, чиновниклар учун алоҳида «виделенка» полосалар қилинади", дея луқма ташламоқда. Баъзида ўйлаб қоламан: шаҳар ҳокимияти учун шаҳарга хос муаммоларни ечиш вазифаси қўйилганмикан ўзи? Мактаблар етишмовчилигини ҳокимият муаммо ҳисоблайдими? Йўқ бўлиб бораётган ва деградация ҳолидаги жамоат транспортини-чи? Тугаб бораётган жамоат маконлари ҳокимият учун муаммоми? Абгор коммунал инфратузилма ҳокимиятнинг бош оғриғими? Йўқ, йўқ ва яна йўқ. Чунки шаҳар аҳлига ва унинг кун тартибига бегона бўлган шаҳар ҳокимиятининг приоритетлари маъно ва мазмуни бўйича тижорийлашган ҳукмга, ҳукмдорликка бориб тақалади. Бу ҳокимият ҳар бир муаммода тижорийлашувни кўради, шунинг учун муаммоларни монетизацияси, яъни қимматроқ муаммоларга айланишини кўриш мумкин холос. Маҳаллаларни обод қилиш керак, деган вазифа қўйилдими? Биз қанча пул ишлашимиз мумкин, дея ҳисоб-китобни бошлашади улар. Велосипед йўлаклари ташкил қилиш дейилдими? Яна ўша гап: буларга қанча қолади? Газ счетчиклари ўрнатиш масаласи очилдими? Яна дарров ўзлаштириладиган фойда ва четга олиб чиқиладиган маржа кўз олдига келади буларнинг. Яшил боғларми? Йўқ, улар фақат зиён келтиради! Келинг яхшиси, аттракционлар қурамиз. Улар биз ва шерикларимизга пул келтиради. Автобусларни кўпайтиришми? Зарарни кўпайтириш-ку бу. Яъни булар бутун борлиғи бўйича тужжор. Тужжор бир бутун мураккаб организм бўлган шаҳар хўжалиги маъмурчилиги билан шуғуллана олмайди. У юрсаям, турсаям, эрталабдан кечгача сотишни ва рентани ўйлайди. Шунинг учун бизга, шаҳар аҳлига маъмурият керак. Ҳокими мутлақликдан (айниқса тижоратлашган ҳокими мутлақликдан) воз кечиш лозим, муддати ва ваколати чекланган ижрочи бошқарувчи керак шаҳарга.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin