Арманистон ЕОИИга қандай қўшилган эди?
2012 йилда ва ҳатто 2013 йил охиригача ҳам Арманистон раҳбарияти Божхона иттифоқи/ЕОИИга қўшилишни мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблаб келган.
Ҳатто арманлар худди украинлар каби Европа иттифоқи билан ассоциациялашган ҳамкорлик шартномасини имзолашни муҳокама қила бошлаган.
2013 йилда Украина билан бўлиб ўтган воқеалар ва айниқса, 2014 йил бошида Қримнинг, кейин эса Донбасснинг Россия томонидан босиб олиниши Арманистон раҳбариятининг Божхона иттифоқи/ЕОИИга муносабатини кескин ўзгартирган. Президент Саргсян ЕОИИга қўшилиши ҳақида илк бор 2014 йил 15 июнда кутилмаганда баёнот берган. Орадан 6 ой ўтмай Арманистон парламенти Иттифоққа кириш шартномасини ратификация қилган. 2015 йил 2 январдан эса Арманистон ЕОИИнинг тўлақонли аъзоси бўлган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳеч бир мамлакат бундай қисқа муддатда интеграцион иттифоққа аъзо бўлиши, яна аъзо бўлгандаям тўсатдан фикри ўзгариб аъзо бўлиши кузатилмаган.
Турли манбаларда Арманистонга нисбатан Россия тарафидан мисли кўрилмаган ҳарбий ва сиёсий босимлар бўлгани, агар Арманистон ЕОИИга аъзо бўлмаса, Тоғли Қорабоғдаги статус-кводан ва умуман хавфсизлик кафолатларидан маҳрум бўлиши билан дағдаға қилингани айтилади.
Қарангки, 6 йил ўтиб Арманистон Тоғли Қорабоғдан барибир маҳрум бўлди.
Интеграциядан мамлакат ҳеч қандай синергия самарасини олмади. Қайтанга Арманистон инвестицион деградация маконига айланди. Бунинг устига мамлакат сиёсий ва иқтисодий масалаларда, айниқса божхона сиёсатида тўлалигича Россияга қарам бир ҳолга келган. Кремль учун иттифоқчи Арманистон эмас, Арманистоннинг азалий рақиблари Туркия ва Озарбойжон муҳим ва фойдали ҳамкор ўлароқ кўрилади.
Арманистон кейси хавфсизлик ваъдаларини деб эркинликдан воз кечган ҳар қандай субъект пировардида эркинликдан ҳам, хавфсизликдан ҳам маҳрум бўлиши ҳақидаги қадимий постулатлар нақадар тўғри эканини яна бир бор исботлайди.