Арманистон ЕОИИдан чиқиши мумкин
Бу ҳақда бош вазир Пашинян кечаги матбуот анжумани вақтида маълум қилган.
Пашинянга кўра, мазкур сценарий Арманистоннинг евроинтеграция томон қадам қўйгани туфайли юз бериши мумкин. "Бир вақтнинг ўзида ҳам Евроиттифоқ, ҳам ЕОИИ аъзоси бўлиш мумкин эмаслигини тушунамиз. Вақти келганида биз тегишли қарорни қабул қиламиз", — деган Пашинян.
4 ой аввал Арманистоннинг Евроиттифоққа аъзоликка интилиши тўғрисидаги қонун қабул қилинган эди.
Ўзи мамлакат 2010 йилдаёқ Евроиттифоқ билан уюшган аъзолик бўйича музокаралар бошлаган ва ҳатто 2013 йил ноябрда Вильнюсда Украина, Молдова ва Грузия каби Ассоциация тўғрисидаги битимни имзолаши режалаштирилган бўлган. Лекин 2013 йил сентябрда кутилмаганда, Путин билан учрашув пайтида ўша пайтдаги президент Саргсян Арманистон ЕОИИга (Божхона иттифоқи) киришини эълон қилиб юборган. Ўшанда Арманистон Россия тайзиқи остида қолган бўлиши ва ЕОИИга киришга мажбурлангани эҳтимоли ҳақида турлича версиялар пайдо бўлган. Маълумот учун, Украинага қарши Россиянинг бузғунчи сиёсати ҳам айнан Евроиттифоқ билан ассоциация шартномасини имзоламаслик ва ЕОИИга киришга ундов ҳаракатлари билан бошланган.
Қорабоғ урушидаги қақшатқич мағлубиятдан кейин Арманистон агрессор Россия етовидаги ОДКБ аъзолигидан чиқиш ҳаракатларини ҳам бошлаган. Арманистон ЕОИИ ва ОДКБга аъзо давлатлар билан умумий чегараларга эга эмас. Мамлакат учун энди Евроинтеграция ҳаёт-мамот масаласи ҳисобланади.