Одамлар камхарж бўлиб боришмоқда
Истеъмол кайфияти индекси учинчи чоракда бироз пасайган. Бунда харажатлар бўйича пессимизм асосий таъсирни шакллантирган.
Респондентлар уй жой таъмири, таълим, маиший техника, тўй, электрон буюмлар ва эътиборлиси - саёҳатлар билан боғлиқ харажатларини камайтиришини маълум қилишган. Гап шундаки саёҳат билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистонда ўзи рўйхатда энг охирида турарди, афсуски, пешонасига дунё кўрмаслик ёзилган ўзбеклар дунё кезишни яна кейинга қолдиришмоқда.
Индекснинг бошқа - даромад, кредит ва жамғариш билан боғлиқ омиллари яхшиланган.
Айрим эътиборга молик жиҳатлар:
Даромади 7 млн.сўм ва ундан кўп эканини очиқлаган респондентлар сони камайган.
Респондентларнинг 47 фоизи ҳозирги кунда амалга оширилаётган иқтисодий ўзгаришлар яқин 3 йилда ҳам давом этишини ҳамда ижобий натижалар беришини билдиришган. Фақат 9 фоиз респондентлар яқин уч йилда аҳвол ёмон бўлишини билдиришган.
Кредит олмоқчи бўлганларнинг энг кўп қисми 1-3 млн.сўм ва 3-5 млн. сўм даромадга эга бўлганлар ҳиссасига тўғри келади. Яъни энг кам даромадлиларнинг кредитга эҳтиёжи юқорилигича қолмоқда.
42 фоиз респондентларнинг умуман жамғармаси йўқ. Афсуски, жамғармаси йўқларнинг улуши ортиб бормоқда.