Инфляция регрессив солиқлиги ҳақида
Расмий статистика бўйича ўсиб бораётган даромадларнинг ўрта синф ва қуйи даромадлилар тоифасига таъсири пастлиги ва эҳтимолий сўл бурилиш борасидаги постга MacroBS "Саволни инфляция рақамига қўйиш керак дея"эътироз билдирди.
Умуман олганда, унинг эътирози ўринли, инфляция, айниқса икки хонали инфляция регрессив солиқ эканини назарда тутсак.
Регрессив солиқ деганда, юқори инфляция шароитида камбағаллар кўпроқ, бойлар камроқ йўқотишларга учраши назарда тутилади.
Бизда даромадлар тоифасига қараб истеъмол нархлари индекси юритилмайди (ҳатто сўровлар тарзида ҳам). Агар шартли равишда шундай статистика юритилганида эди, шартли "камбағаллар инфляцияси" расмий инфляциядан анчагина баланд эканини кўрган бўлардик. Буни асослашга уриниб кўрамиз.
Келинг, янги давр деб ном олган 2017 йилдан буён инфляция ва камбағаллар истеъмолидаги энг юқори улушга эга бўлган озиқ-овқат инфляциясини олайлик (қавс ичида озиқ-овқат инфляцияси):
2017 йил 14,4% (15,9%)
2018 йил 14,3% (14,9%)
2019 йил 15,2% (18,6%)
2020 йил 11,1% (15,3%)
2021 йил 10 ой 10,6% (14%).
Кўриб турибсизки, барча ҳисобот йили ва даврларида озиқ-овқат инфляцияси расмий инфляциядан юқорироқ бўлган.
Бу дегани жон бошига ўсган номинал даромадларни, агар унинг ўсиши барчага тенг тақсимланган деб ҳисобласак ҳам, "камбағаллар инфляцияси" кўпроқ емириб юбораяпти дегани.
Қайтараман, бу мутлақо шартли ҳисоб-китоблар.
Албатта рақамлар фақат камбағаллар истеъмол қиладиган кам сонли озиқ-овқатлар ҳисобига корреляция бўлиши керак.
Худди шунингдек, шартли "камбағаллар инфляцияси" фақат камбағаллар истеъмол қиладиган коммунал хизматлар нархларига корреляция қилиниши зарур (амалда камбағаллар коммунал хизматлардан бўлак хизмат истеъмол қилмайди). вҳк.
Яна бир эътиборли жиҳат, 2017 йилдан буён солиштирилса, жами инфляциядаги озиқ-овқатнинг вазни йилма-йил пасайтириб борилганини кўриш мумкин. Хизматлар улуши эса, аксинча - фақат ошириб борилган.
Хулосалар қандай? Улар ўзгармаган:
Ҳа, даромадлар ўсмоқда. Лекин унинг ўсиши барча ижтимоий қатламларда бир текис юз бермаяпти. Бу даромадлар тақсимоти бўйича ёқимсиз саволларни келтириб чиқаради.
Навбатдаги хулоса, жами даромадларнинг ўсишини ўзининг танасида хис этмаётганларга, айниқса камбағалларга нафақат адолатсиз тақсимот, балки юқори инфляция ҳам кучли зарба бермоқда.
@the_bakiroo