Кам даромадлилар озиқ-овқат инфляциясини бойларга қараганда деярли 2 баробар оғирроқ ҳис этишмоқда
Марказий банк бир муддат танаффусдан сўнг сезилган инфляция бўйича яна шарҳларни эълон қилишни бошлади.
Март ойи якунлари бўйича аҳолига сезилган инфляция кўрсаткичи 15,7%га етган (расмий инфляциядан 5,2% юқорироқ).
Ҳудудлар қирқимида олганда Сирдарё (16,9%), Самарқанд (16,7%) ва Фарғона (16,7%) вилоятларида инфляция оғирроқ сезилган.
Респондентларнинг кўпчилиги, шунингдек, март ойида шакар, ёғ, гўшт ва сут маҳсулотлари қимматлашганини юқори даражада сезишган.
Инфляциянинг зарбаси турли даромадлар гуруҳида айниқса турлича сезилган. Хусусан, 2 миллион сўмгача даромадга эга аҳоли 15,7%лик озиқ-овқат инфляциясини сезишган бўлса, 5 миллион сўмдан ортиқ даромадга эга бойлар деярли 2 баробар паст 8,6%лик озиқ-овқат инфляциясини ҳис этишган.
Кўп бора такрорлаганимиздек, инфляция бу камбағаллар учун қўшимча солиқ ва унинг ставкаси Ўзбекистонда ҳаддан ташқари юқори.
Яна бир муаммо шундаки, баланд минбарлардан янграётган шиор ва чақириқларга қарамай, ижтимоий товарлар (гўшт, тухум, картошка, пиёз, сабзи, олма, гуруч, ун, обинон, ёғ ва шакар) нархи юқори суръатда қимматлашишда давом этмоқда. Ижтимоий товарлар нархлари ўсиши март ойида 15,5%га етган, бу расмий инфляциядан 5%га юқори.
Ўзини ижтимоий қиёфада кўрсатишга уриниб келаётган ўзбек чиновниклари нархларни мувофиқлаштиришда танлов, рақобатни ва таклифни қувватлашни эмас, маъмурий, назорат ва чеклаш чораларини муҳим деб билиб келади. Буни шу кунларда бозорма-бозор юриб гўёки нархларни раста устида назорат қилаётган селфичи ҳокимларнинг ва уларнинг пиарчилари ҳаракатларидан ҳам кўришингиз мумкин.