Коронавирус хатари сезилмалари сўнаётгани ҳақида
Аксар прогнозларда келаётган 2022 йилда коронавируснинг янги штаммлари келтириб чиқарадиган оқибатлар ва вақти-вақти билан эълон қилинадиган локдаунлар иқтисодиёт учун асосий чақириқ бўлиши айтилмоқда.
Глобал иқтисодиётнинг бир қисмига айланаётган Ўзбекистон мисолида ҳам худди шундай. Лекин назарда тутиш керакки, бизда ижтимоий зеҳният ҳам, ҳукумат ҳам коронавирусга кўникди. Инсоний йўқотишларга ҳам. Тарғибот ва ташвиқотсиз ҳам ижтимоий фикрда вирусни тўлиқ енгиб бўлмаслиги, у билан ёнма-ён яшашга тўғри келиши қабул қилиб бўлинди.
Иқтисодий фаол бўлганлар, бизнес кишилари билан ўзаро суҳбатларда келаси йил хатарлари ҳақида сўралса, кўп такрорланадиган чақириқ ўлароқ қурғоқчилик, табиий офатлар ёки бизга таъсир кўрсатувчи минтақаларда давлатлараро можаро ва тўқнашувлар айтилмоқда. Ҳарқалай ўтган ва бу йилдаги бўлгани каби хатарлар рўйхатининг бошида коронавирус йўқ. Эътибор берсангиз, Жанубий Африкада пайдо бўлган Омикрон штамми, ҳатто у ҳақидаги ваҳимали хабарлар ҳам, на жамоатчиликда, на ОАВда аввалгидек шовқин уйғота олмади.
Нима демоқчиман, коронавирус хатар ўлароқ ҳалиям иқтисодиёт учун ҳам, ижтимоий ҳаёт учун ҳам катта хавф, лекин ижтимоий онгда унинг сезилмаси анчагина пасайиб улгурди.
@the_bakiroo