Трамвай халққа, ер усти метроси эса чиновниклар чўнтагига фойдали эканлиги ёки Тошкент трамвайининг тугатилиши тасодиф эмаслиги ҳақида
Бугун ер усти метро қурилиши 350 миллион доллардан кўпроқ миқдорни ташкил этиши ва бу қийматнинг мутлақ қисми бюджет, яъни солиқ тўловчилар бўйнига тушиши маълум бўлди.
Ер усти метро қурилиши амалда 2018 йилда бошланганлиги, лекин унинг Техник-иқтисодий асослари 3 йилдан кўпроқ вақт ўтиб тасдиқланганига майли эътибор қаратмаймиз. Бу ҳозирги имзоси арзон ҳукумат учун нормага айланиб улгурган, яъни Раматов ва ко' учун қурилиш, пудрат ишлари кетаверади, лойиҳа, ТЭОлар эса кейин пул ўзлаштирилиб бўлингач, ёки якунига етай деганида тасдиқланади, бу билан ўртада ҳар қандай бебилиска харажатни каррасига "списать" қилиб юбориш мумкин бўлади. Совет ўғрилари шундай қилиш мумкин бўлганини билганларидами?
Майли гап бугун бу ҳақда эмас.
Бугунги гап ер усти метроси ва трамвайнинг ўзаро нисбий афзаллиги ва қайси бири ютуқда эканида.
Эсингизда бўлса, ўтган ҳафта Ботир Қобилов трамвай қуриш ва унга хизмат кўрсатиш нархи метрога қараганда — 9 ёки ҳатто 12 баравар арзон эканлиги ва негадир ТТЗ йўли бўйича ер усти метроси аввалги трамвай линиясини такрорлашини таъкидлаган эди.
Бошқача айтганда, устимиздан пул қилаётган чиновникларнинг трамвайни тугатиш ва ер усти метросини қуришдан аввал бошдан кўзланган мақсади бўлган бўлиши мумкин. Эҳтимолки, трамвайни тугатиш ва ер усти метросини қуриш уларга миллиардлаб даромад келтирган. Бунинг исботи бўлиши керак дейсизми?
Бунинг биринчи исботи юқоридаги ҳукумат қарори.
Иккинчи исботи эса, Қўйлик томон тортилган ер усти метроси. Қарангки, Қўйлиққа тортилган ер усти метро линияси 2016 йилда тугатилган 29- трамвай маршрутининг бир қисмини деярли бирга бир такрорлайди. Бошқача айтганда 2016 йилда трамвайни тугатишаётгандаёқ улар орадан уч йил ўтиб камида 10 карра қиммат ер усти йўлини қуришга жазм қилишган бўлиши мумкинлигини эътиборсиз қолдириш мумкинмас.
29- маршрут йўли бўича синалган усулни булар ТТЗ йўли бўйича яна бир бор апробациядан ўтказишади. Агар, агарда жамоатчилик бунга жимгина қараб турса.
Нима демоқчиман, бизга, агар ТТЗга ер усти метро қуриладиган бўлса, бундай линия керакмас, нисбий афзаллик инобатга олинадиган бўлса, ТТЗ томонга 2016 йилгача мавжуд бўлган трамвай линиясининг тикланиши каррасига афзал (албатта трамвайни тугатиш тўғрисида хулоса берганларни номма-ном очиқлаш ва жазолашни эсдан чиқармаган ҳолда).
Шахсан мен на шаҳар ҳокимиятининг, на Раматов ва ко'нинг бирон бир лойиҳасига ишонмайман. Улар ишонч лимитини нафақат тугатиб, манфий даражага тушириб бўлишган.
Метро, айниқса ер усти метроси бўйича бизга шу пайтгача халқни алдаган ва лақиллатиб келаётган тижоратчи ёки чиновникларнинг эмас, том маънодаги мутахассисларнинг хулосаси керак бўлади.
@the_bakiroo