Трамвай орзуси
Давлат раҳбари трамвайни қайтариш ҳақида сўз очгандан буён трамвай хаелдан кетмайди.
Трамвайда ўтган талабалик ва ёшлик йилларидан келиб чиқиб ўзимча маршрутлар тузаман. Албатта бу иш билан профессионаллар - транспорт, логистика, урбанистика мутахассислари шуғулланиш керак.
Лекин орзуда энди. Истагим шуки трамвай энг кўп транспорт ҳаракати юз берадиган ва фаол жамоат транспорти, хусусан метро қопламаган маршрутлар бўйлаб ўтиши керак.
Менинг тасаввуримдаги трамвай Муқумий кўчаси бўйлаб келиб Оқтепада Лутфийга чиқади ва кейин Чўпонота кўчасига бурилиб кетади. Кейин Қутпинисодан Шуҳрат чорраҳаси тарафга қайрилади ва Қатортол кўчаси бўйлаб Ипподромга кетади.
Навоий кўчасидан келган трамвай йўли Шароф Рашидов кўчаси бўйлаб собиқ Россия меҳмонхонаси олдига чиқади ва Шота Руставели/Усмон Носир кўчасига қўшилади ва токи Муқумий чорраҳасигача тўғри кетади ва Муқумийга уланади.
ТТЗ конечкасидан бошланган трамвай йўли Ферузага, Кейин Мирзо Улугбекка чиқади. Кейин Паркент кўчасига қайрилади. Уч қаватли кўприкдан Тараққиёт кўчасига ўтади. Тараққиёт, Махтумқули бўйлаб бориб, Шаҳрисабзга чиқади ва Навоий кўчасига уланади.
Қарабсизки, ўзаро уланган ва Ягона тармоқдан иборат трамвай тизими пайдо бўлади. Бу энди менинг тасаввурларим. Эконометрикасидан келиб чиқиб кўп ўзгаришлар қилиш мумкин.
Ўзи Ўзбекистон шароитида ёпиқ деполар шартмас. Лекин зарурият ҳисобланилса, Ипподром, ТТЗ конечка ва Берунийда кичик айланма деполар қилиш мумкин.
Бошланишига учта маршрут етади. Беруний- Ипподром. Ипподром-ТТЗ. ТТЗ-Беруний.
Кейин афзаллик ва логистикадан келиб чиқиб яна ривожлантирса бўлади.
Яна бир гап. Трамвай бекатлари оралиғи узунроқ бўлиши керак. Тахминан иккита автобус бекатига битта трамвай бекати. Трамвайлар қатнови оралиғи 5 минутдан ошмаслиги зарур. Агар учта маршрутни инобатга олсак, тахминан 30-40та состав керак бўлади. Бу бугунги замонавий трамвайлар нархларида 20-25 миллион доллар дегани. Агар откат ва ўзлаштиришлар бўлмаса.