13K74Telegramda ochish
Чала-чулпа жавоб пойтахт ҳокимиятининг юзи Яна ҳайрон бўлишади, нега фаол жамоатчилик пойтахт ҳокимиятини юмшоқ қилиб айтганда яхши кўрмасликларидан, очиғини айтганда эса нафратланишидан. Эмишки, «Қўйлиқ» бозорида озиқ-овқат савдоси билан шуғулланган тадбиркорлар «FOODCITY» марказ ҳудудига (кўчишга, изоҳ бизники) ўзлари хоҳлаб мурожаат қилган, шунинг учун «Қўйлиқ» бозори Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги Мехнатобод кўчасида жойлашган «FOODCITY» савдо марказига кўчирилади. Ўша мурожаат этган тадбиркорлар кўчса кўчаверсин эди, бунинг учун Қўйлиқни бузиш шартмиди? Бошқа биронта муҳим саволга жавоб йўқ. Майли, озиқ-овқат савдоси билан шуғулланган тадбиркорлар мурожаат этибди дейлик. Уларнинг жами тадбиркорлар, бозорчилар орасидаги улуши, сони ҳақида заррача маълумот йўқ. Балки улар мутлақ камчиликдир. Балки улар «FOOD CITY»га аффилланган тадбиркорлардир. Мева-сабзавот савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорлар-чи? Улар мурожаат этишмадими? Улгуржи савдо билан машғуллар-чи? Дўкондорлар-чи? Қўйлиқда ижара ҳуқуқи билан савдо қилаётган бозорчилар-чи. «FOOD CITY» мулкдори, бенефициари ким? Давлат эмаслиги аниқ. Унда ким? Шаҳар ҳокимияти билан уларни нима боғлаб туради? Нега кўприк ва йўл баҳона Қўйлиқнинг зудтар бузилиши «FOOD CITY» манфаатига ва фойдасига тўғри келиб қолмоқда? Қўйлиқдаги хусусийлаштирилиши кўзланган иккита бозорнинг ҳуқуқий мақоми нима бўлади. Ахир бир ой аввал ҳам уларнинг бир неча миллион долларга сотиш мумкин эди. Улар тугатиладими? Ахир ўзларинг «Қўйлиқ» бозори ҳозирги жойидан 6,5 км узоқликдаги «FOOD CITY» савдо марказига кўчирилади деб айтишмоқдасизлар. «FOOD CITY» мулкдорлари бошқа, Қўйлиқдаги бозор мулкдорлари бошқа. Демак, тўғриси - бозор кўчаяпти эмас, Қўйлиқдаги бозорда ишловчи тадбиркорлар ва бозорчилар «FOOD CITY»га кўчирилмоқда дейилса тўғрироқ бўлади. Нега шунчалар сукут? Нега саволларга жавоблар йўқ, бори ҳам шунчалар узуқ-юлуқ, чала-чулпа?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin