"Марказий банк миллий валюта алмашув курси кескин тебранишларини олдини олиш бўйича етарли имкониятларга эга"
2022 йил инфляция прогнозларига эришиш учун мутаносиб пул-кредит шароитларини яратиш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.
Инфляция суръатларининг жорий пасаювчи динамикаси йил сўнгигача 10 фоизлик инфляцион мақсадга эришиш бўйича ишончни ошираётган бўлса, келгуси йилдан фискал жиҳатдан консолидациянинг бошланиши, пул-кредит шароитларининг нисбатан қатъий даражада сақланиб қолаётганлиги ва нархларга таъсир этувчи номонетар омилларни пасайтириш бўйича кўриладиган чоралар 2022 йилда 9 фоизлик инфляцион прогнозга эришишнинг асосий омилларидан ҳисобланади.
Ёқилғи-энергия маҳсулотлари нархларининг охирги уч ойда сезиларли ўсганлиги транспорт, йўловчи ташиш, етказиб бериш ва логистика хизматлари нархларининг ҳам ошишига олиб келди. Бу, ўз навбатида, аҳолининг инфляцион кутилмалари учун ҳам асосий оширувчи аҳамият касб этмоқда. Келгусида инфляцион хатарларни пасайтириш масаласи, биринчи навбатда, ушбу маҳсулотлар нархлари ошишини олдини олиш вазифасини кун тартибига чиқармоқда.
Ички валюта бозоридаги вазият, сўмнинг реал самарали алмашув курси динамикаси ва унга нисбатан юқори босимнинг мавжуд эмаслиги, Марказий банкнинг миллий валюта алмашув курси кескин тебранишларини олдини олиш бўйича етарли имкониятларга эга эканлиги келгуси ойларда юқори девальвацион кутилмаларга асос мавжуд эмаслигини англатади.