Mirkonomika kanalidan
Менимча асосий муаммо бойликнинг қандай ортирилишида
Отабек ака битта давлатда ҳаддан зиёд бойлар ва камбағаллар бирга яшай олмайди деган фикрни илгари сурибди, мен ўйлайманки, жамият ҳақиқий маънода ишлашдан тўхташи учун тенгсизлик жуда юқори бўлиши шарт эмас. Менимча, тенгсизликнинг жамият кайфиятида роль ўйнашига унинг даражасидан кўра унинг қандай келиб чиқиши муҳумроқ аҳамият касб этади. Яъни бойлик эгаларининг бойлик ортириш манбаси ҳамда усули кўпроқ аҳамият касб этади.
Агар собиқ иттифоқ мамлакатларига эътибор берсак, иттифоқ тугагандан кейин бошқа ривожланган ёки ривожалаётган давлатлардан фарқли равишда янги республикаларда тенгсизлик даражаси паст бўлган. Яъни совет даврида юритилган сиёсат( ғоя) тенгсизликнинг айниқса бойлик бўйича тенгсизликнинг кескин ошишига йўл қўймаган. Кейинчалик эса иттифоқдан ажраган мамлакатлар бирин кетин бозор иқтисодиёти(турли мамлакатларда турлича тезликда) йўлини тутгани боис бу давлатларда хусусий мулкчилик шаклланган. Агар 30 йил орқага қайтсак кўришимиз мумкинки, деярли барча иттифоқ давлатлари бир хил стартдан бошлаган, айниқса бойлик бўйича тенгсизликда. Кейинчалик эса давлатларнинг танлаган йўли ёки бошқа омиллар сабаб ҳозирирга келиб бу давлатларнинг деярли барчасида тенгсизлик турлича.
Айтганимдек, 30 йил олдин бизда ёки Қозоғистонда бойлик бўйича тенгсизлик катта фарқ қилмаган. Лекин ҳозирги кунга келиб турли очиқ манбаларга кўра Қозоғистонда тенгсизлик биздан юқорироқ дейилади. Лекин биздаги ёки Қозоғистондаги тенгсизлик даражасини ривожланган давлатлардаги кўрсатгичлар билан таққосласак, кўришимиз мумкинки, биздаги тенгсизлик даражаси анча паст бўлиб чиқади.
Аммо юқорида айтганимдек, тенгсизликнинг даражаси эмас балки унинг қандай келиб чиқиш сабаблари жамиятнинг кайфиятига кўпроқ таъсир қилиши мумкин. Яъни биздаги даромадлар тенгсизлигига эътибор қаратсак, кўришимиз мумкинки, 30 йилда биздаги каби бойликнинг тенгсизлашиши кузатилмаслиги керак эди(бойликнинг тенгсизлиги бўйича расмий маълумотлар мавжуд эмас, шахсий кузатувлар асосида гапираяпман). Биздаги муаммо бойлик ортиришнинг усули ёки манбасида. Масалан, мени ўзим ўқиган кичик туманда олдин давлат мулки бўлган объектларнинг деярли ҳаммаси ҳоким ёки унга яқин одамларга тегишли эди( одамлар ҳазил билан юқорига тош отсанг ҳокимнинг мулкига тушади деб кулишар эди ҳатто). Ёки мана Жиззах вилояти ҳоким ўринбосарининг мусодара қилинган мулкларини эслаб кўринг. Яъни бойликни ортиришнинг йўли куч-қудрат ёки мансаб орқали бўлганлиги учун даромадлар тенгсизлиги айтарлик юқори бўлмасада бойлик бўйича тенгсизлик сезиларли бўлиб улгурган.
Ҳокимлар давлат(халқ) мулкини ўзлаштиради, қарор қабул қилувчилар кичик гуруҳ манфаатларини ўйлаб қарор қабул қилади(масалан ташқи савдо) бу каби жиҳатлар эса мамлакатдаги тенгсизликни оширади. Бунақа амалиётлар, баъзи гуруҳларнинг бойишини таъминлаши билан бирга қолган барчанинг камбағаллашишига сабаб бўлади. Айнан шу жиҳатига кўра, бойлик ортиришнинг бундай шакли тенгсизлик жуда юқори бўлмасада жамиятдаги кайфиятга ёмон таъсир қилади. Бошқача айтганда жамиятда тенгсизлик жуда юқори бўлмасада, жамиятда норозилик кучли бўлади.
Чексиз юқори тенгсизлик албатта муаммо, лекин мамлакатимизнинг ҳозирги ҳолатида чексиз юқори тенгсизлик эмас балки адолатсиз бўлган тенгсизлик энг асосий хатар. Бундай тенгсизлик, унинг даражаси жуда юқори бўлмасада жамият учун жудаям хавфли. Бизнинг жамиятга эса айнан шундай тенгсизлик хавф солмоқда. Буни эса одамларнинг кайфиятидан кўриш қийин эмас.
@Mirkonomika
- https://t.me/the_bakiroo/3914@the_bakiroo
- https://www.gazeta.uz/oz/2021/04/23/jizzakh/gazeta.uz