Блэкаутнинг қиймати
Албатта, ҳали мутахассислар блэкаутнинг қиймати, иқтисодиётимизга бевосита ва билвосита етказган зарарини (улар орасида миллий энергетикамиз инфратузилма ва технологияларига етказилган шикастни бартараф этиш, дебети тушиб кетган газ ва нефть конларини яна қайта тиклаш, магистраллардаги техник босимни жойига қайтариш кабилар ҳам бор) ҳисоблаб чиқишлари учун бироз вақт керак.
Лекин бугуннинг ўзида унинг товар ва хизматлардаги қиймат оқибатларини кўришни бошладик. Пойтахтда ва вилоятларда газга мослашган қатор емакхоналар, айниқса ош ва умумий овқатланиш марказлари фаолиятини вақтинча тўхтатди. Агар вақтинча чеклов чўзиладиган бўлса, умумий овқатланиш корхоналари янги вазиятга тезроқ кўникишлари ва муқобил ёқилғидан фойдаланишни бошлашлари керак бўлади.
Газ шохобчаларидаги вақтинча чеклов шаҳар таксиси, вилоятлараро йўловчи ташиш, етказиб бериш хизматлари нархларини 15-20 фоизга қимматлаштирди. Бу фақат бугуннинг ўзида.
Новвойхоналар етказиб бераётган нон ва патирлар нархида ҳам ўзгаришлар бор.
Миллий саноатда газ ва электрни энг кўп истеъмолчиси бўлган цемент заводлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар, текстиль ишлаб чиқариш циклига жиддий таъсир оқибатларини бошдан кечиради.
Паррандачилик фермалари, иссиқхоналар, лимонарийлар, озиқ-овқат маҳсулотлари цехларининг иситиш, яратиш ва етиштириш билан боғлиқ харажатлари ошади ва бу товуқ гўштидан тортиб помидоргача албатта таннархда ўтиради.
Хуллас, январь ойининг инфляцияси кутилмаган блэкаут воқелиги омилини ҳам ўз ичига олади.
@the_bakiroo