Инфляциянинг янги омили
Ўтган 12 ой глобал меҳнат, товар ва хизматлар тақсимоти занжирларидаги узилишлар, инвестицияларнинг қайта йўналтирилиши биринчи навбатда озиқ-овқатлар нархларида жиддий ўсишни яратганди. Ривожланган давлат бўладими ё ривожланаётган учинчи дунё мамлакатими ўтган 1-1,5 йил инфляциянинг асосий омилларидан бири айнан озиқ-овқат нархлари бўлди. Кейинги ойларда, шимолий ярим шарда ҳосилнинг яхши бўлгани, жанубий ярим шар бўйича ижобий прогнозлар озиқ-овқат нархларини бирмунча барқарорлаштирди.
Лекин дунё иқтисодиёти учун янги чақириқлар пайдо бўлмоқда. Бу энергоресурслар нархларининг дунё иқтисодиёти тикланишидан кўра юқори суръатларда ошиб бораётганидир. Йил бошидан ҳисоблаганда нефть нархлари қарийб 70%га қимматлади, локал бозорларда газ нархи 3 баробаргача, узоқ муддатли шартномаларда эса ўртача 2 баробаргача ошди. Энергия ресурслари нархларининг ошишини тўхтатувчи қандайдир омил ҳозирча кўринмаяпти, бу ё янги кичик кризис яратади ёки дунё иқтисодиёти қиммат энергоресурсларга кўникишга мажбур бўлади.
Мамлакатлар миқёсида олганда энергия экспорт қилувчи мамлакатларда ҳам, энергия импорт қилувчи мамлакатларда ҳам нефть ва газ нархини ошиши инфляцияни кучайишига олиб келади. Бозор эркин шаклланганми ёки энергияга боғлиқ тарифлар музлатилганми, фарқи йўқ - ҳатто кутилмалар нархларнинг ошиши циклини яратаверади.
Шу маънода келаси 2022 йил инфляцияга қарши курашда анча мураккаб йил бўлади.