Зўравонлик зўравонликни яратади
Замонавий, айниқса рақамлашаётган дунёда жисмоний зўравонлик ортиқча бир ҳаракат, энг ёмони унга нисбатан зўравонлик билан жавоб қайтарилиши мумкин. Ундирув масалаларида айниқса. Фарғонадаги воқеа биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас.
Кейинги йилларда шартномавий муносабатларнинг кўпайгани, табиийки ўзаро қарздорликли ва муаммоли қарздорликни ошираётгани турган гап.
Биргина мисол. 2017 йилдан ҳисобланилса жисмоний шахсларнинг банк кредитларидан қарздорлиги қарийб 7 баробарга, 9,4 трлн.сўмдан 64,5 трлн.сўмгача ошди.
Бу фақат банк кредитлар бўйича.
Қарздорлик бор жойда муаммолар келиб чиқади, унинг ечими, ундируви осон иш эмас. Ундирувда жисмоний таъсир чоралари етарли бўлмаяпти. Буни Мажбурий ижро бюросида ҳам, банкларда ҳам умуман ҳамма жойда билишади.
Олдимизда қарздорлик билан боғлиқ муаммоларнинг янада авж олиши истиқболи турипти. Бундан қочиб қутулиб бўлмайди. Уни олдиндан қабул қилиш ва тегишли ҳаракатларни жадаллаштириш керак.
Шундай экан, ноанъанавийроқ йўллардан, хусусан ижтимоий рейтинг воситасидан ҳам фойдаланишга ўтилмаса бўлмайди. Рақамлашиб бораётган ва қарздорларни идентификациялаш қийин бўлмаган шу кунларда муаммоли қарздорлиги туфайли қуйи ижтимоий рейтингга киритилган фуқароларни идентификация талаб этадиган қатор ҳаракатлардан бутунлай ё вақтинча маҳрум этиш мумкин.
Масалан, самолет ё поездга чипта сотиб олиш, уй-жой, автомашина хариди, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, уяли алоқа хизматларидан фойдаланиш в.ҳ.к.
Албатта, ижтимоий тубга қулаган ёмон қарздорларга бу таъсир қилмайди. Лекин мутлақ кўпчилик қарздорлар учун бу превентив чора бўлади.
@the_bakiroo