Яна муаммоли қарздорлар ва "Кальмар ўйинлари" сериали қаҳрамонлари ҳақида
Ўтган куни Қувасой шаҳрида эр-хотин 32,5 млн сўм қарздорликни ундиришга келган МИБ ходимларига қаршилик кўрсатиб, чақалоғининг устига бензин сепиб, ёқиб юбориш воқеасидан кейин ёмон қарздорларга нисбатан юмшоқ куч - замонавий технологияларни ишлатиш лозимлиги ҳақида, ижтимоий рейтингни жорий қилиш лозимлиги борасида ёзган эдим.
Хусусан, қарздор фуқароларни идентификация талаб этадиган қатор ҳаракатлардан, масалан, самолет ё поездга чипта сотиб олиш, уй-жой, автомашина хариди, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, уяли алоқа хизматларидан фойдаланиш бутунлай ё вақтинча маҳрум этиш тизимини яратиш таклиф этилган эди.
Маълум бўлишича, бундай тизим 3,5 йил аввалги Ҳукумат қарори билан яратилган экан. Лекин минг афсуски, амалда бу тизим ишламаяпти. Чунки Мажбурий ижро бюроси маълумотлар базасида мавжуд қарздорлар билан ишлаш тегишли ташкилотларнинг ўзларига юклаб қўйилган.
Масалан, қарзини тўламай юрган фуқаро автомашина сотиб олишидан аввал уни "Ўзавтосаноат" АЖ ва унинг дилерлари текшириши керак. Муттаҳам қарздор кадастр ҳужжатларини яратаётган бўлса, буни Давлат кадастри текшириши керак. Ва ҳакозо.
Биз биламизки, ҳалигача турли идора ва муассасаларнинг маълумотлар базаси Мажбурий ижро базаси билан реал режимда интеграция қилинмаган, маълумот алмашинишда муаммолар етарли, қилинган бўлса ҳам, автомат ҳаракатлар эмас, "ручной режимда" ишлашни талаб қилади
Рўйхатга киритилган Мажбурий ижро бюроси маълумотлар базаси орқали фақат қарздорлик текширилгандан кейин содир этиладиган 20 турдаги битимлар ва кўрсатиладиган хизматлар учун масъулият 20 та ташкилотга юкланган. Албатта бундай тизим мукаммал бўла олмайди. Шунинг учун ҳам ойлаб, йиллаб қарзини тўламай юрган шахслар тизимни осонгина алдай олмоқда, бемалол Ласетти миниб юрипти, керак бўлса Мальдивга бориб дам олаяпти ва ҳатто МЧЖ очиб бизнес қилаяпти.
Нима қилмоқ керак?
Албатта ёмон қарздорлар киритиладиган ва барча манфаатдор томонларнинг умумий фойдаланувида бўлган ягона ижтимоий рейтинг тизимини жорий қилиш лозим. Яъни мавжуд ҳукумат қарорини ишлаш механизмини бироз такомиллаштириш кифоя.
Бундай тизим Хитойда ҳам, Кореяда ҳам мавжуд.
Ҳозир ҳамма ётволиб кўриб ётган "Кальмар ўйинлари" сериалини қаҳрамонлари айнан энг қуйи ижтимоий рейтингга тушганлардир. Яъни улар билан ҳеч ким шартномавий муносабатга киришмайди. Бундай қарздорлар билан қайси тоифа мулоқотда бўлишини сериални кўрганлар англаб етган бўлса керак.
@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/3342@the_bakiroo
- https://lex.uz/docs/3743205#3747935lex.uz