25K190Telegramda ochish
Шу билан Маҳалла вазирлиги тугатилса ҳам бўларди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимида ишлаб келган Раҳмат Маматов Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланипти. Айтиш керакки, Маҳалла вазирлигини ташкил этишда ва бу бўйича қарор қабул қилишда Раҳмат Маматовнинг шахсий характеристикаси алоҳида ўринга эга бўлган. Давлат раҳбари юқори даражада карт-бланш билан Маматовни лавозимга тайинлаган эди. Ўтган икки йил давлатнинг ўзини ўзи бошқариш институти бўлган Маҳалла ишига аралашуви, Маҳалланинг давлат ҳокимияти органларининг бир қисмига айлангани қанчалик ўзини оқлади, очиқ бир нарса дейиш қийин. Лекин Маматов ўрнида ким бўлишидан қатъий назар, халқ қўлловидаги натижаларга барибир эришилмас эди. Бугунги кунда Маҳалла энг кўп саволли институтлардан бири бўлиб қолмоқда. Афсуски, Маҳаллага нисбатан саволлар борган сари давлат сиёсатига нисбатан саволларга айланмоқда. Бутун бошли вазирлик бўла туриб, қўшимчасига яна битта вазирлик - Маҳаллабай ишлаш агентлигининг тузилгани ҳам Маҳалла бўйича кўзланган вазифалар кутилган даражада оқланмаётгани кўрсатмоқда. Чунки, ижтимоий сўров ўтказасизми ё ёпиқ анкеталар тўлдириладими, фарқи йўқ, Маҳаллага нисбатан, айниқса давлат назорати ва аралашуви остидаги Маҳаллага нисбатан ижтимоий зеҳниятнинг муносабати ўтган икки йилда фақат ёмонлашди. Айниқса пандемия ва постпандемия даврида. Манзилли ижтимоий сиёсат юритишнинг бош бўғини сифатида Маҳалланинг танлаб олиниши янги даврда йўл қўйилган энг баҳсли ва оқибатлари тўғри чамаланмаган қарорлардан бўлди. Балки давлат Маҳалла орқали манзилли ижтимоий сиёсат юритиш маъмурчилиги арзон тушади, деб ўйладими ё Маҳалланинг назорати шахслар устидан тотал назорат сиёсати воситаларидан бирига айланиши керак деб ҳисобладими, бир нарса дейиш қийин. Маҳалланинг ижтимоий сиёсат юритиш бўғини сифатида кўриш аввал бошдан фиаскога мубтало эди. Ҳа, бизга Ижтимоий ҳимоя вазирлиги керак. Жудаям керак. Фақат Маҳалла орқали эмас. Бу ҳақда, масалан, Азиза Умарова такрорлашдан чарчаётгани йўқ. Маҳалланинг локал назорат, профилактика ва кузатув воситаси ўлароқ институт сифатида кўрилиши ҳам тўғри бўлди, дейиш жуда қийин. Амалдаги ички ишлар ва миллий гвардия тизими буни ортиғи билан уддаламоқда. Бунинг учун уларда ваколатлар ҳам етарли. Дўппини олиб, ўйлаб кўрадиган вақт келди. Аввалги даврдан фарқли ўлароқ янги замонда хатоларни тан олиш тажрибаси мавжуд. Бизда, олдимизда иккита йўл бор, яна битта маҳалла вазирлиги тузиш ёки Маҳаллага нисбатан давлат аралашувидан бутунлай воз кечиш. Учинчи йўл йўқ. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin