Зафар Ҳошимов анча оптимист экан
Зафар Ҳошимовнинг пости жудаям оптимистик кўринди. Айниқса плюслар ва айни вазиятда нима қилиш кераклиги борасидаги мулоҳазалар. Рости, мен буни, юзага келган мураккаб ҳолатдан Ўзбекистон ва унинг иқтисодиёти учун максимум манфаатлар чиқариб олишни жудаям истайман. Лекин аввалги 25 йил ва кейинги 6 йиллик тажрибадан келиб чиқилса, истак ва умидларнинг биронтаси юз бермайди, деб қўрқаман.
Ростанам қўрқаманки, ёпилиш ва тақиқлар кучаяди, матбуотда, тармоқларда, халқ ва ҳокимият муносабатларида; бетарафлик баҳона хушерлик методлари ва моделлари кун тартибига чиқади, иқтисодиёт ҳимояси дея биринчи навбатда яна ўша тор доираларга ёрдам кўрсатилади.
Қўрқаманки, ҳаддан ташқари ташқи қарз туфайли, сўм курси сиёсий масала бўлиб улгурди. Ташқи қарзга хизмат кўрсатиш юкламаси кескин ортиши, самарасиз давлат компаниялари ва монополияларни "любой ценой" сақлаб қолиш ва инвестицион лойиҳаларга кэптив муносабат сўмни эркин мувозанатлашни чеклайди. Тепадан рухсат кутилади. Натижада жуда кеч ва тор қарорлар кўпаяди.
Қўрқаманки, айрим ислоҳотлар ортга қайтиши мумкин. Масалан донга давлат буюртмаси ёки назорат қилинадиген озиқ-овқат нархлари. Ҳаммаси халқ учун, инфляцияга қарши чоралар деб тақдим этилади. Афсуски, энергетика ислоҳотини яна кейинга қолдиришади. Журъат этишмайди.
Қўрқаманки, бюджет дефицити янада кучаяди, йўқ даромадлар камайгани учун эмас, харажатлар ошгани учун. 3 фоизлик дефицит қоидасини ярим йилликка етмай бекор қилишади. Яна ташқи қарз жалб қилишга урғу берилади. Энди қимматлашган сегментдаги қарзларни жалб қилишга ўтилади.
Россия банклари ва ишлаб чиқарувчиларига боғланган (номларини санамайман) кэптив, яъни пудратчилар ва ўртамчилар пул ўзлаштириши мўлжал қилинган лойиҳалар тўхтайди. Ишга тушди деб очилган лойиҳалар ҳам (яна номини санашга қўрқаман)
Уларга баҳонаям тайёр. Конфликтга списать қилвориш мумкин.
Қўрқаманки, банкларни хусусийлаштириш ва трансформациялаш тўхтайди. Конфликт бусиз ҳам арзон ўзбек банкларини янада арзонлаштиради. Афсуски, инвесторларнинг Ўзбекистон рейтинги СА бўлган давлат манфаатларидаги ҳудуд деб қараши ва эҳтиёткорлиги бошланади.
Банкларнинг товуққорамолмаҳалламикрокредитбанклашуви давом этади.
Қўрқаманки, янги даврнинг соғин сигири протекционизмдан воз кечилмайди (эски даврнинг соғин сигири - ёпиқ конвертациядан миллиардлар орттирганлар ҳозир протекционизмдан миллиардлар орттираяпти). Ташқи савдонинг эркинлашуви ва ЖСТга аъзолик армонлигича қолаверади. Вазият оғир, ҳозирмас, кейинроқ дейилади. Қачон ўзи вазият енгил бўлган деб сўрамайди биров.
Фақат битта нарсага бироз ишонаман: Конфликт ҳудудларидан қочаётган юқори малакали мутахассислар Ўзбекистонга ростанам келишлари мумкин. Лекин узоқ муддат қолишармикан?
@the_bakiroo