Товуқ сиёсати ва имтиёзли кредитлаш янги босқичга кўтарилмоқда
Обуначи ботга ёзмоқда:
"Андижон вилояти ҳокими имтиёзли кредитлар асосида (йиллик 14%) парранда тарқатишга ўзи бош-қош бўлябди. Маҳаллий бюджет пулини 10 млрд сўмини паррандага йўналтириб (бошқа манбаларда айтишларича, бюджет маблағлари жўжа очириш учун тухум олишга йўналтирилган - изоҳ бизники), Пахтаободдаги бир тадбиркор орқали фойдасини кўрябди. Йиғилишларда ҳаммани шу паррандадан олишга мажбурлаш бўлябди, бошқа парранда етиштирадиганлардан олинса, "режа"га ўтмайди экан. Ахир биз монополияга қарши курашамиз деймизу, лекин тепада каттаконлар ўзи монополия қилишволябди. Янаям бу кредитлар аҳолини қуйи қисмини иш билан таъминлаш, даромадини ошириш юзасидан йўлга қўйиляткан бўлса. Бозорда 20-30 минг сўмлик қизил товуқлар, Пахтаободда кредитга 95 минг сўмдан берилмоқда. Яна ҳам ёмони бу товуқлар тезда ўлиб қолябди, фуқаролар норози бу ҳолатдан. Ўзи тирикчилигини ўнглайман деб парранда боқиб, натижада хар томонлама зиён кўрябди".
Иқтибос тугади.
Обуначи келтирган ҳолатларни вилоят банклари вакиллари ҳам тасдиқлашмоқда.
Кўп бора айтганимиздек, имтиёзли кредитлаш қашшоқликни тугатишга эмас, янада авж олишига, ҳокимлар ва уларнинг воситачи шотирларини ҳисобсиз бойишига сабаб бўлади. Бюджет маблағлари ҳисобидан тухум сотиб олиш ва чиққан жўжаларни ўртамчи таъминотчи орқали 3 баробар қимматга пуллаш - бу энди мутлақо янги даража. Андижон тажрибаси тез орада бошқа вилоятларга ҳам ёйилса керак.
Андижон вилояти муаммоли имтиёзли кредитларнинг улуши ва миқдори бўйича ҳам, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда хорижга чиқиб кетган меҳнат мигрантлари, хусусан аёл меҳнат мигрантлар сони бўйича ҳам мутлақ пешқадам ҳисобланади.
P.S. Обуначи исм-фамилияси унинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан эълон қилингани йўқ.