Нега Янги Ўзбекистонда халқни камбағаллаштиришдан бойлик орттириш моделидан жуда кўп фойдаланишади?
Мен учун тушунарсиз ва жавоби йўқ саволлардан бири шу. Бир тарафдан камбағалчиликка қарши курашмоқчи бўлишади, айни пайтда эса ўша қўл билан янги камбағалларни яратиш воситасида миллиардларни, триллионларни ўзлаштиришади.
Яна шу иш бошида турганларни жазолаш ўрнига, намуна қилиб кўрсатилади. Товуқ сиёсатининг Андижонча тажрибаси шундай зиёнкорликлардан бири.
Кун ўз суриштирувига кўра Андижонча "қизил товуқ можароси" янги тўлқинларга кириб бормоқда. Қаранг, янгитдан камбағаллаштирилаётганлар нима демоқда:
"Ҳокимиятга деярли ҳар куни товуқларни қайтариб олишларини сўраб бораман.Товуқ боқиб даромад олиш бўйича яхши тажрибам бор. 350-400 та товуқ боқиб, 90-95 фоиз тухум олишга эришганман. Лекин бу товуқларга жуда зўр шароит қилиб ҳам фойда ололмаяпман...Уйдагилар, келинимизнинг номига кредит олгандим. Тўлай олмаслигим аниқ бўлиб қоляпти. Бошим жуда қотган. Қўни-қўшнилардан ҳам қарз бўлиб кетдим. Илтимосимни етказинглар, «Пахтаобод парранда» товуқларини олиб кетсин. Бўлмаса қирилиб кетади".
"Ёшлигимдан товуқ боқиб фойда топганман. Ўзим қўлбола ясаган инкубаторда товуқдан ташқари товус, курка, каклик очириб парвариш қиламан. Лекин мана шу қизил товуқларни эплай олмадим. Рационда кўрсатилган барча озуқани бериб, дори-дармонларни қилдим. Кунига ўляпти. Фойда йўқ. Кунига зарарга киряпман. Нима қилишга ҳайронман. Уволидан қўрқяпман. Бизга берилган товуқлар брак ва носоғлом".
"Туман ҳокимлиги вакиллари кам таъминланган оилаларга тарқатилаётган кўп тухум қиладиган товуқларнинг афзалликлари ҳақида тушунтирганда жуда хурсанд бўлгандим. Кооператив ташкил қилдим. Мингта товуқни «Пахтаобод парранда»дан олиб келиб тарқатдик. Лекин маҳалла одамлари орасида балога қолдим. Товуқлар тухум қилмай ўла бошлади. Одамлар «Товуқларингни олиб чиқиб кет», деб мурожаат қилиб, ҳар куни ҳафсаламни пир қилади. Товуқлар қирилиб кетди".