Эртага Марказий банк Бошқарувининг таянч йиғилиши бўлиб ўтади
Бу асосий ставка бирданига 3 фоиз бандига кўтарилгандан кейинги илк йиғилиш ҳисобланади.
Ўтган беш ҳафта давомида миллий валюта курсининг барқарорлашуви, ҳатто мустаҳкамланиши юз берди (бунда рублнинг нобозор ўзгаришларига алдамчи ишончнинг таъсири йўқ эмас). Лекин инфляцион кутилмалар ва хатарлар юқорилигича қолмоқда. Асосий савдо ҳамкорларимиз бўлган давлатлардан инфляция импорти эҳтимоли ортмоқда.
Ликвидлик етишмовчилиги муаммолари юмшатилган бўлсада, пул бозоридаги нархлар баландлигича қолмоқда, таклиф талабни қувиб ета олгани йўқ. Аҳоли ва бизнес фоизларнинг янги нархларига кўникишда давом этмоқда.
Уруш тезда, агрессорнинг ғалабаси билан тугайди, дейилган ёвуз прогнозлар ўзини оқламади. Ҳали давом этадиган уруш билан боғлиқ ташқи хатарларнинг реал секторгача етиб келиши ва оқибатларни баҳолаш учун бирмунча вақт керак бўлади.
Нафақат асосий савдо ҳамкорлари, балки глобал молия марказлари бўлган Европа ва АҚШда кузатилаётган юқори инфляция суръатларига жавобан пул-кредит шартларининг қаттиқлаштириш сигналлари тобора баландроқ янграмоқда.
Шу маънода асосий ставка даражасини босқичма-босқич пасайтириш истаклари бўлсада, бу билан боғлиқ кескин ўзгаришларни кутиш вақти келмаганга ўхшайди.