28K108Telegramda ochish
Ўртача иш ҳақи ошмоқда, тенгсизлик кучаймоқда Расмий статистикага кўра, 2022 йил 1-чорак якунлари бўйича ўртача номинал иш ҳақи 19,1 фоизга ошиб, 3,4 млн.сўмга етган. Яна қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектларидаги иш ҳақи статистикага қўшилмаган. Маълумот учун, қишлоқ хўжалигида жами иш билан банд аҳолининг 25,9%и меҳнат қилади. Кичик тадбиркорлик субъектларининг иш билан бандликдаги умумий улуши статистикаси эса очиқланмай келади. Демак, камида ўртача иш ҳақи бўйича мазкур статистика тўлақонли эмас, уни фақат шартли равишдагина қабул қилиш мумкин. Шартли статистикага қайтамиз. Маошлар ошгани ортидан, ҳудудлар қирқимида ҳам, тармоқлар қирқимида ҳам тенгсизлик кучайиб бормоқда. Масалан, ўтган йилнинг шу даврида энг бой ва энг камбағал ҳудудлардаги ўртача иш ҳақининг фарқи 1,86 баробар бўлган бўлса (Тошкент/Наманган), бу йил бу кўрсаткич 2,0 баробарга етган (Тошкент/Сурхондарё). Банк ва молия соҳасидагр ўртача маошлар билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўртача маошлар ўртасидаги фарқ ўтган йили 3,15 баробар бўлган бўлса, бу йил фарқ 3,62 баробаргача катталашган. Тенгсизлик тармоқлар ичида ҳам кенгаймоқда. Масалан, Саноат соҳасида ҳудудлар ўртасидаги фарқ (Навоий/Жиззах) 2,58 баробар, Қурилишда 3,87 баробар (Тошкент/Сирдарё), Савдода 2,89 баробарни (Тошкент/Фарғона) ташкил этмоқда. Албатта, тенгсизлик кучаяётганига қарши большевикча кесиш ва маъмурий тенглаштириш билан жавоб бермаслик керак. Бу уқиш керак бўлган сигналлар аслида. Биринчи сигнал шуки, ўртача маошларнинг ошиши асосан юқори даромад сегментлари ҳисобига рўй бермоқда. Қуйи даромад сегментларида иш ҳақини оширишга солиқ ва маъмурий рағбат йўқ. Иккинчи сигнал, ҳудудларда, айниқса қонунлар амал қилмайдиган депрессив вилоятларда бизнесда иш ҳақини оширишга ва юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратишга рағбат йўқ, лекин яширин иқтисодиёт орқали меҳнатга ҳақ тўлашга мотивлар кундан-кунга кучайиб бормоқда. Учинчи сигнал, гарчи кўп бора декларация қилинганига қарамай (ўша машҳур 1000 доллар ориентири), таълим ва соғлиқни сақлашда ўртача маошларнинг индексацияси ҳатто республика бўйича ўртача маошлар ўсишидан ортда қолмоқда. Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси меҳнаткашларининг ҳудудларда банд аҳоли орасида улуши юқорилиги инобатга олинса, Тошкент ва ҳудудлар орасидаги тенгсизлик кучайиб бораётганидан ҳайратланмаса ҳам бўлади. Тўртинчи - асосий сигнал. Нормал меҳнат бозори мавжудлигида меҳнатга ҳақ тўлашда каррасига фарқ юзага келган ҳолатларда бизнес ўз жараёнларини меҳнат ҳақи арзонроққа тушадиган ҳудудларга кўчириш ҳақида ўйлай бошлайди. Нега бу Ўзбекистонда рўй бермайди? Чунки Ўзбекистонда Тошкент ҳалқа йўлидан ташқарига чиқдингми, қонун йўқ. Суд ҳам ҳоким, полиция ҳам ҳоким, ОАВ ҳам ҳоким, прокурор ҳам ҳоким. Шунинг учун, масалан иш ҳақи харажатларини оптималлаштириш учун бизнесини Тошкентдан маошлар каррасига паст Андижон ёки Наманганга кўчирган тадбиркор харажатларини қисқартириш ўрнига бизнесидан ажралиб қолиши эҳтимоли турган гап.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin