Ўзбекистонда блокланган Twitter Илон Маск назоратига ўтди
Twitter Inc акциялари Илон Маск назоратидаги компания тарафидан 44 млрд.долларга сотиб олингани эълон қилинди. Битим доирасида битта акция 54,2 долларга баҳоланган. Битим амалга ошиши учун Маск 25 млрд.доллардан ортиқ кредит маблағларини жалб қилган. Агар мегарегулятор битимга қаршилик қилмаса, олди-сотди битими йил охиригача ёпилади.
Маск Twitter Inc кузатув кенгашига ўз таклифини юборган вақтда битта акциянинг нархи 44 доллар атрофида эди. Бугун эрталаб битим муваффақиятли кечаётгани маълум бўлгач, акциялар нархи 52 долларгача қимматлаган. Айни дамда акциялар бўйича савдолар тўхтатилган.
Твиттерда 1,3 млрд. атрофида аккаунтлар бор, уларнинг 330 миллиони фаол ҳисобланади. Энг кўп фойдаланувчилар АҚШда - 80 млн. атрофида.
Эркин фикр шаклланадиган платформа ўлароқ твиттер қатор тоталитар давлатларда - Хитой. Россия, Эрон, Венесуэла ва сўз эркинлиги мавжуд деб эълон қилинган Ўзбекистонда блокланган.
Қаттиқ цензура ўрнатилганига қарамай, Ислом Каримов даврида Ўзбекистонда твиттерга нисбатан чекловлар мавжуд бўлмаган.