Хатолардан бири тузатилди: бунинг учун раҳмат айтилмайди
Ўтган йили июлда твиттер ва яна қатор ижтимоий тармоқларнинг блокланиши янги даврда йўл қўйилган хатолардан бири эди. Бу хатога раҳматли Ислом Каримов ёки қамоқда ўтирган собиқ эпоха номаълум оталаридан кимдир томонидан йўлга қўйгани йўқ. Шу замон, шу макон эгаларининг хатоси эди бу.
Хато олти йилдан бери янги деб келинаётган Ўзбекистонга нисбатан ташқарида анча кўп репутацион саволларни кун тартибига олиб чиқди. Ичкарида зеҳниятда ахборот автократияси қаттиқлашаётгани, жамиятни ахборот билан эмас, қўрқув ва назорат билан бошқаришга ўтилаётгани ҳақида фикрлар пайдо бўлишига ва кенгайишига етарлича асослар яратди.
Энди нима бўлади? Ўзтвиттерда цензураланмаган ва битта нуқтадан бошқарилмайдиган фикрнинг ва мунозаранинг эмин-эркин эволюциясини кўрамизми? Ғарб пропагандасига ҳам, Кремль пропагандасига ҳам ҳар тарафлама ютқазаётган миллий пропаганда твиттер имкониятларидан фойдаланадими? Биттагина одамни ишонтириш учун мўлжалланган пропаганда принципларидан воз кечиладими? Ё тармоқнинг кўп аудиторияли ёки залворли фойдаланувчилари идентификацияланиши, улар билан алоҳида тартибда мулоқот каби юмшоқ куч позицияси воситалари ишлатиладими?
Агар шундай бўлса, ўзтвиттер ахборот оқими ва йўналишлари мақсад ва муддаоларга қараб турлича даражада бошқариладиган ва стоп мавзулари мавжуд ўзтелеграмнинг навбатдаги версияси бўлиб қолмайдими?
@the_bakiroo