"Украинадаги фашистлар ҳақида гапирадиган одамлар Украинага ҳеч қачон келишмаган ёки бу маълумотни Россия телеканалларидан олишган"
Ватандошимиз, Украинада яшаб, меҳнат қилаётган шифокор Темурбек Юсупов газетаўз билан қатор фикрлари билан ўртоқлашипти.
Айрим эътиборли мулоҳазалар:
"Агар урушдан олдин одамлар бироз бўлинган бўлса, ҳозир улар бирлашган, бу яхши. Бир халқ, бир миллат сифатида бир-бирига ёрдам беришда давом этмоқда. Ҳар хил ёрдам гуруҳлари пайдо бўлди. Маҳаллий аҳоли ҳам муҳтож хорижликларга бепул ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда".
Дўконларда барча керакли маҳсулотлар мавжуд. Ҳа, логистика муаммолари туфайли нархлар бироз кўтарилди.
"Трамвай қайта иш бошлади. Мен уйдан ҳозиргина трамвайда, кейин троллейбус ва автобусда келдим. Жамоат транспорти аҳоли учун бепул. Транспорт алоқалари тўлиқ тикланди, деб айта олмайман, айрим йўналишларда чекловлар бор".
"Telegram`даги гуруҳимизда айрим ватандошларимиз вазият яхшилангани боис Украинага қайтишни режалаштирмоқда. Аммо биз бундай қилишни тавсия этмаймиз, чунки вазият кескин ўзгариши мумкин, ҳали ҳеч нарсани олдиндан айтиб бўлмайди...
Украинада ҳамон айрим ўзбекистонликлар бор, лекин аввалгидек кўп эмас. Киевдаги ўзбекларнинг кўп дўконлари ҳозир ишламаяпти".
"Мен 2011 йилдан бери Украинадаман. Мен шу ерда ўқишни бошлаганман ва тугатганман, шифокор бўлиб ишлайман. Шу 10−11 йил давомида мен Украинанинг кўплаб шаҳарларида бўлдим. Львовда ҳам яшаганман...
Львовда яшаганимда маҳаллий аҳоли украин тилида гаплашарди. Лекин чет эллик эканлигимни кўриб, тушунмаган сўзларимни русча тушунтиришарди. Рус тилида саволлар беришарди. Улар билан рус тилида гаплашганимда, ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Ҳеч ким мени камситиб, бу ерга нима учун келганимни сўрамаган".
"Украинадаги фашистлар ҳақида гапирадиган одамлар Украинага ҳеч қачон келишмаган ёки бу маълумотни Россия телеканалларидан олишган. Бу ҳақда шу ерда яшайдиган ўзбекистонликлардан сўрашингиз мумкин. Ҳа, улар умуман йўқ, деб бўлмайди, улар ҳамма мамлакатларда учрайди, лекин уларнинг фаолияти қонун билан чекланган".