Коллекторлар зарурияти ҳақида икки оғиз
Нима учун бозорга яқинлашишни ўз олдига вазифа сифатида қўйган банк тизимимиз учун коллекторлар керак?
Биринчи ва энг асосий сабаб коллекторлар банкларни энг зарарли активлардан халос этади. Ёмон активлар уларнинг қанчалик ёмонлигига қараб қийматининг 2% - 5% миқдорида коллекторларга сотилади ва бундай активларни ундириш билан профессионал вазифаси фақат қарз ундириш билан боғлиқ бўлган бизнес шуғулланади.
Иккинчи сабаб, коллекторлик тизимининг мавжудлиги потенциал қарздорларда тўлов интизомини кучайтиради. Қарздорлар коллекторлар портфелига тушиш уйда, ишхонада, маҳаллада, ижтимоий тармоқларда уларнинг мақомини ўта ёмонлаштиришини ва қоида тариқасида энди ҳеч қачон банк кредитларига мурожаат қила олмаслигини тушунган ҳолда масъулиятли бўлишга мажбур бўладилар.
Учинчидан, йилдан йилга банк кредитларининг "имконлилиги" ортиб бормоқда. 3-4 йил аввал банклар чекланган 10-15 минг қарздор билан ишлаган бўлса, ҳозир юзминглаб қарздорлар билан ишлашга тўғри келмоқда ва бу миқёс энди фақат ортиб боради. Коллекторлар тизимининг мавжудлиги тижорат банкларининг ёмон қарздорлар билан ишлаш нисбий самарасизлигини коллекторларга юклайди ва вақт, маблағ нисбий афзаллигини яхши қарздорлар билан ишлашга йўналтиради. Кўп бора мисол келтирганимиз - шартли 100 минг сўмлик қарздорикни ундириш маъмурчилиги шартли 50 минг сўмга тушмаслиги керак, чунки пировардида бунинг оқибатини яхши қарздорлар кредит нархи орқали ҳис этишга мажбур бўлади. Демак кредитлар нисбий нархи арзонлашишнинг муҳим омилларидан бири коллекторликнинг мавжудлигидир.
Шу маънода 2020 йил дастури лойиҳасида коллекторлар - хусусий ундирув бюролари қонунчилик базасини яратиш қўйилганлиги жудаям аҳамиятли. Лекин лойиҳада коллекторлар фақат юридик шахс бўлган қарздорлар билан ишлашни кўзда тутилаётганлиги тизим ишга тушганда ҳам унинг самараси тўлақонли бўлмаслигига олиб келиши мумкин.
@the_bakiroo