Депозитлар ҳажми апрелда ҳам юқори суръатларда ўсишда давом этган
Гарчи кредит қўйилмалари ўсиши юз бермаган бўлсада, апрель ойи давомида ўзбек банкларида депозитлар қолдиғи 7,9 трлн.сўмга ўсиб (+5,2%), 161,7 трлн.сўмга етган.
Бунда жисмоний шахсларнинг омонатлари 4,6 трлн.сўмга ёки ой давомида қарийб 12%га ўсганини ва 43,3 трлн.сўмга етганини алоҳида таъкидлаш керак. Банклар таклиф этаётган юқори фоиз ставкалар ва сўмнинг долларга нисбатан мустаҳкамланиши омонатларнинг жозибадорлигини ҳаддан зиёд оширмоқда.
Давлат банклари орасида депозитлар қолдиғини энг кўп ўстиришга Халқ банки эришган (+2,1 трлн.сўм). Кейинги ўринларда Ипотекабанк (+908 млрд.сўм) ва Қишлоққурилишбанк (+362 млрд.сўм) ўта фаол бўлишган.
Кредит қўйилмалари ҳаддан ташқари тез ўсаётган Капиталбанкда депозитлар ҳам жуда тез ўсмоқда. Ой давомида Капиталбанк депозит портфелини 1,7 трлн.сўмга кўпайтиришга муваффақ бўлган. Хусусий банклар орасида кейинги ўринларда ЎзКДБ (+735 млрд.сўм) ва Анорбанк (+450 млрд.сўм) юқори ўсиш намойиш этишган. Бир неча ойлик фаол ўсиш ҳисобига хусусий банклар орасида Анорбанк жами депозитлар бўйича ТОП-10таликдан, аҳоли омонатлари бўйича эса ТОП-5таликдан жой олган.