Олигархлар Ўзбекистонни талашни аллақачон бошлаб юборганини Жаҳон банки билмайдими?
Жаҳон банкининг ўтган ҳафта очиқланган ҳисоботининг абзацларидан (117- банд) бирида Ўзбекистонда олигархларнинг шаклланиши хавфи юқори эканлиги қайд этилган. Хулоса қилинганки, Ўзбекистонда манфаатдор шахсларнинг ҳокимиятни эгаллаб олиш хавфи 2025 йилга бориб энг юқори чўққига чиқади.
Гап шундаки, Жаҳон банки, бошқа глобал молия институтлари каби маслаҳат ва хулосаларида доим кечикиб юради. Ўзбекистонда ички ва ташқаридан кириб ўрнашиб олган олигархия аллақачон шаклланиб бўлган ва ҳокимиятга юқори даражада таъсир ўтказиш каналларини ҳам яратиб олиш улгурган.
Куни кеча қўлимга иккита ҳужжат - Вазирлар маҳкамасининг қарорлари келиб тушди. Қарангки, иккиси ҳам махфийлик грифига эга - ДСП. Чунки халқ бу ҳақда билса, савол кўтаради, нега бунақа дейди.
Биринчи ҳужжат Вазирлар маҳкамасининг 2019 йил 15 декабрдаги 1002- сонли қарори. Унда Ўзбекнефтегаз балансидаги конларни "Jizzakh Petroleum" МЧЖ (ҳозирги “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХК ) назоратига ўтказиш белгиланган. Рўйхат бўйича жами 102та нефть ва 6та газ кони "Jizzakh Petroleum" МЧЖга хадя этилган. Шундай қилиб, биз Ўзбекистоннинг 80 фоиз нефть конлари ўзини “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХК деб номлаб олган офшор илдизли контора балансига ўтиб қолгани бўйича саволимизга жавоб олдик. Бу махфий ҳукумат қарори билан юз берган. Гап шундаки, мутахассисларнинг айтишича, конларни "Jizzakh Petroleum" МЧЖга топширишда ушбу конларнинг дебети атайин 40%га кам қилиб кўрсатилган, кейинги йиллардаги ўсиш прогнози эса амалда мавжуд кўрсаткичлар этиб қайд этилган. Яъни конлар "Jizzakh Petroleum" МЧЖга топширилгач, уларнинг самарадорлиги ошган, оширилган бўлиб чиқишини кўрсатиш учун шундай қилинган.
Иккинчи ҳужжат ҳам махфий. 2020 йил 7 февралда 67- рақам билан қабул қилинган ДСП грифли қарорга кўра, "Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи" МЧЖни танлов ўтказмасдан ишончли бошқарувга бериш кўзда тутилган. Қарор гўёки жалб қилинадиган ишончли бошқарувчига нисбатан мезонларни белгилайди, амалда эса бу критериялар фақат "Jizzakh Petroleum" МЧЖ учун тузилган холос. Якунда шундай ҳам бўлиб чиқади, "Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи" МЧЖ "Jizzakh Petroleum" МЧЖга ишончли бошқарувга топширилади. Чунки аввал бошданоқ ишончли бошқарув учун бошқа номзод бўлмаган ва бўлиши назарда тутилмаган ҳам. Мутахассисларга кўра, "Jizzakh Petroleum" МЧЖ таклиф этган ФНҚИЗнинг модернизация лойиҳаси 1 баррель нефтни қайта ишлаш учун 15,2 доллар харажат бўлиши (фитфилионта солиқ имтиёзларига қарамай) ва бу масалан, Марказий осиёдаги бошқа нефтни ишлаш заводларига нисбатан 3 баробар қимматлигига қарамай маъқулланган.
Эътирозимиз ўша-ўша: Жамоатчилик, ҳукуматга дохил бўлмаган мутахассислар Ўзбекистоннинг нефть ва газ конларини офшор илдизли компанияга бериб юборилгани, энг йирик нефтни қайта ишлаш заводини аввал ишончли бошқарувга берилиши, кейин, "хусусийлаштирилиши" бўйича оғриқли саволларга жавоб олиши керак. Ва албатта мамлакатнинг ер ости ва ер усти бойликлари бўйича битимларнинг махфийлик билан, ёпиқ эшиклар ортида тақсимланиши практикаси тўлиқ тугатилиши зарур.
@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/4866@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/4884@the_bakiroo