Ғалати тарзда тезлашаётган хусусийлаштириш ҳақида
Хусусийлаштиришни тезлаштириш назарда тутилган Фармонга кўра, апрель ойида "Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи" АЖнинг 100%лик давлат улуши ҳам 2021 йил апрель ойида савдога қўйилиши назарда тутилган.
Шу ўринда қатор саволлар туғилади.
Биринчидан, «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» бир неча йилдан буён МЧЖ тарзида фаолият кўрсатиб келаётганди, қачон акциядорлик жамиятига айлантирилди? Албатта, заводнинг АЖга айлангани қувонарли, ҳеч қурса фаолият билан боғлиқ муҳим фактлар очиқланиб туради.
Иккинчидан, 2 йил аввал давлат раҳбарининг Фарғонага ташрифи пайтида хорижлик инвесторлар - ота-бола Аслановлар Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини Марказий осиёдаги энг зўр корхонага айлантиришлари, "Евро-4“ ва "Евро-5“ стандартларига ўтишлари, 300 млн.доллар инвестиция жалб қилишлари ҳақида оламшумул гаплар айтилганди. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи устав капиталидаги давлат улушини «PT Trans Asia Resources» (Индонезия) компанияси ёки унинг 100 фоиз улушли шўъба компаниясига 16 миллион АҚШ доллари (!) миқдоридаги дастлабки тўлов эвазига ўтказиб бериш тўғрисида битта Президент қарори ва битта ҳукумат қарори чиққан. Эътиборлиси, ўша қарорлар ҳалиям кучда. Ота-бола олигарх Аслановлар қани? Улар тўловни амалга оширдими? Ваъда этилган 300 миллион долларлик инвестицияни киритишдими?
Учинчидан, 2020 йил 15 июнда ўтказилган матбуот анжуманида Давлат активларини бошқариш агентлиги Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи PT Trans Asia Resourcesга эмас, аввал бошда четдан импорт бензин олиб келиб сотиш ва Жиззахда нефтни қайта ишлаш заводи ташкил этиш учун тузилган «Jizzakh Petroleum» МЧЖга ишончли бошқарувга топширилгани маълум қилганди. «Jizzakh Petroleum» МЧЖ устидан Кипрда рўйхатдан ўтган офшор BELVOR HOLDINGS LIMITED эгалик қилади.
Ғалати а? Шундай эмасми?
Аввал заводни жамоатчиликка фақат сохта Регистон ясаб, Қримда бир неча миллион долларлик дабдабали тўй ўтказган, маблағларининг келиб чиқиши шубҳали ота-бола олигархларга топширасан, кейин 1 йил ўтмай, улар балки инвестиция мажбуриятини бажармагач (бажармаслиги аввал бошдан маълум бўлган) ёки бошқа ёпиқ келишувларга амал қилинмагач, Кипр офшори назоратидаги «Jizzakh Petroleum» МЧЖ майдонга чиқади. Кипр офшори ва унинг реал бенефициари билан қайси масалада келишув амалга ошмай қолди, буям қизиқ.
Яна 6 ой ўтиб ўтмай заводнинг 100% улуши сотувга қўйилади.
Бундай кетма-кет юз бераётган ва ҳар бири аввалги ёмонроқ қарордан ҳам ёмонроқ бўлган ҳаракатлардан кейин бирон нормал инвестор, агар у учига чиққан ўғри ёки аввалбошдан шерикликка рози бўлмаса, савдога кирадими?
Нима бўлгандаям, ташқи коррупцион таъсир, қора тешик ва туйнуклардан тозаланса, бир неча миллиард долларга сотиш мумкин бўлган завод ортидан юз бераётган воқеалар ўтган ҳафта эълон қилинган хусусийлаштириш билан тўхтаб қолмаслиги аниқ.
@the_bankiroff
- https://telegra.ph/file/f07fcea1d1a1a94ae1b38.jpgtelegra.ph
- https://lex.uz/pdfs/5283489lex.uz
- https://lex.uz/docs/4278941lex.uz
- https://lex.uz/docs/4352900#4355081lex.uz
- https://old.davaktiv.uz/ru/novosti/gki-news/11-novosti-agetstva/5397-press-konferentsiya-o-deyatelnosti-agentstvadavaktiv.uz
- https://www.youtube.com/watch?v=gE39reBlhUIyoutube.com