29K757Telegramda ochish
Раис ота, колхозимизда жуда ғалати ишлар бўлаяпти, деган бўларди "Абдуллажон" фильми қаҳрамонлари! Кеча Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот анжумани ўтказипти. Унда қизиқ маълумотлар очиқланган. Хусусан, ўтган йили Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи бенефициарлари ўзбек аслли ота-бола Аслановлар бўлган PT Trans Asia Resourcesга атига 16 миллион долларга топширилиши айтилганди. Ҳатто бу ҳақда қарор ҳам чиққан. "Хорижий инвестор"га бир тўда имтиёзлар тақдим этилган ва ота-бола Аслановлар 875 миллиондан ортиқ инвестиция киритиш мажбуриятини олгани билдирилганди. Орадан бир йил ўтиб-ўтмай маълум бўлаяптики, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи PT Trans Asia Resourcesга эмас, аввал бошда четдан импорт бензин олиб келиб сотиш ва Жиззахда нефтни қайта ишлаш заводи ташкил этиш учун тузилган «Jizzakh Petroleum» МЧЖга ишончли бошқарувга топширилгани маълум бўлмоқда. Ўтган 1 йил ичида «Jizzakh Petroleum» МЧЖ устидан Ўзбекнефтегаз орқали давлат назорат ҳам йўқотилган. Энди унга Кипрда рўйхатдан ўтган офшор BELVOR HOLDINGS LIMITED эгалик қилади. Ғалати, шундай эмасми? Президент қарори нима бўлди? Аслановларнинг мажбурияти-чи? У нима бўлди? Демак, кўп бора таъкидлаётганимиздек, инвестиция мажбурияти ҳаво, пуфак ва миллиардлаб турадиган активларни эгаллаб олиш йўлидаги ниқобланган восита, шундай эмасми? Кипрлик офшор-чи? Қайси гўрдан чиқди у? Кимга тегишли? Буям майли, айтилишича, Ўзбеккўмирга қўшиб Ўзбекистоннинг энг йирик иссиқлик станцияларидан иккитаси - "Янги Ангрен ТЭС" ва "Ангрен ТЭС" «Central Asia Energy» МЧЖга ишончли бошқарувга топшириб юборилган. Шунча йирик активлар номи, нишони, тарихи мавжуд бўлмаган конторага топширилсада бу ҳақда на ҳукумат қарори бор, на аукцион ё конкурс бор. Бу кетишда Ўзбекистон гултожи Навоий тоғ-металлургия комбинатининг бошқарувиям ўтган ҳафта очилган қанақадир "Шоҳ ва туёқ" МЧЖга ўтиб кетади. Дарвоқе. агентлик айни дамда комбинатни реструктуризациялаш, яъни кимгадир топширишга тайёрлаш билан банд. Сенаторлар, Парламент депутатлари, илтимос, агентликни, керак бўлса ҳукумат раҳбарини чақириб бир саволга тутинглар, ҳисоб берсин. Бунчалар шошма-шошар ўтказилаётган "Распродажа" ким ва нима учун? Воқеалар шу тарзда давом этса ишончли бошқарувга топширилмаган давлат активининг ўзи қолмайди. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin