Апрелда хорижий туристлар сони бўйича Ўзбекистон Грузиядан ўтиб кетган. Ушбу воқелик охиргиси бўлиб қоладими?
Расмий статистикага кўра, 2022 йил апрель ойида Ўзбекистонга 269,2 минг нафар турист ташриф буюрган. Грузияга эса шу ойда 244,3 минг нафар турист келган. Агар адашмаётган бўлсам, биз биринчи марта Грузиядан интуристлар сони бўйича ўтиб кетдик.
Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижий туристлар бўйича ойлар қирқимида бошқа тузук қуруқ статистика йўқ, лекин ўтган йиллар давомида йиллик ташрифлар борасида Ўзбекистон Грузиядан доим ортда бўлган, гарчи бизда аҳоли сони 10 баробар кўп бўлса ҳам (туристлар бўйича сифатли статистика йўқлиги алоҳида муаммо).
Шахсий фикримча, апрелдаги муваффақият Ўзбекистон ва Грузия мусобақасида охирги бўлиб қолади (масалан, майда Грузияга 359,2 минг хорижий турист келган, Ўзбекистон бўйича статистика йўқ). Нега?
Биринчидан, бизда туристик мавсум якунланаяпти, уларда эса роса авжи бошланаяпти. МДҲ ва қўшнилардан бошқа Узоқ хориж, хусусан шарқий Европа ва яқин Шарқдан турист жалб қилиш бўйича-ку умуман лузермиз. Грузияга мавсум даврида ҳафтасига 50 дан ортиқ лоукостер рейси қатнайди, аэропорт ва осмонни ёпиб олиб пул ўзлаштиришдан ўзгасига ярамайдиган Ўзбекистонга қатнайдиган лоукостерлар сони ҳалиям саноқли.
Иккинчидан, иссиқ иқлимли Ўзбекистонда тунги ҳаёт ва ҳаракатланиш қаттиқ чегараланган ва назорат остида. Турист халқи оқшом эртаклари ва ахборотни кўриб бўлиб ухлайдиган режим кишиси эмас. У дам олгани, завқлангани келган. Айниқса майдан сентябргача кундузги ҳарорат 40 даражадан тушмайдиган ўлик сезон вақтида туристик оқимни ҳеч қурса сақлаш учун тунги ҳаётни тиклаш керак. Нафақат туристлар учун, ўзимизникилар учун. Тунда мақсадсиз юриш, тунда ҳаракатланиш каби абсурдлардан воз кечиш вақти келди.
Учинчидан, туристлар, айниқса индивидуаль туристлар (улар энг асосий сегмент) учун шаҳарлар орасида ҳаракатланишда жуда кўп муаммолар мавжуд. Катта ўзбек трактида фақат камикадзе туристларгина автомобилда ҳаракатланиши мумкин. Ўзбекистонга ўз оёғи билан келган турист Вазирликда ёки Администрацияда таниши бўлмаса Афросиёбга билет ололмайди. Мен тушунмайман, нега Афросиёбнинг тунги рейслари йўқ. Нега поездлар тунги вақтда "гаражда туради". Ахир тунги вақтда масалан, Самарқандга яна иккита, Бухоро ва Қаршига бир мартадан рейс ташкил қилса бўладику. Авиарейслар бўйича ҳам шу гап. Авиациянинг самарадорлиги самолетларнинг ерда турмаслиги билан ўлчанади. Бизда эса самолетлар тунги вақтда ерда, шатакда туради.
P.S. Ҳа айтгандай, туристлар бўйича маълумотда Туркманистондан келган туристлар кўрсатилмаган. Тушунаман, виза режими. Айтмоқчиманки, Туркманистон фуқароларига виза режимини бир томонлама бекор қилсак бўлмайдими? Ўнминглаб туркманлар учун бу ҳам янги Ўзбекистонни кўриш, ҳам туркман қамоқхонасидан чиқиб нисбий эркинликдан нафас олиш имконияти бўлган бўларди.
@the_bakiroo
- https://t.me/statistika_rasmiy/2365@statistika_rasmiy
- https://gnta.ge/statistics/gnta.ge