Микроқарзлар қолдиғи жуда тез ўсмоқда, нотўловлар ҳам ўсишига тайёр бўлиш керак
Май ойида банкларнинг кредит фаоллиги юқорилигича қолган. Жами кредит қўйилмалари 1,5%га ўсиб, 345,2 трлн.сўмга етган.
Таъкидлаш лозимки, банкларнинг кредит фаоллигини ўтган ойда чакана кредитлар ва марказлашган ресурслар ҳисобидан ажратиладиган кредитлар таъминлаган кўринади.
Хусусан, микроқарзлар қолдиғи 3,9 трлн.сўмга ўсиб, 14,0 трлн.сўмдан ошган (бу кредитлар турини қайта таснифлаш ҳисобидан ҳам бўлиши мумкин). Лекин ўтган йил маълумотлари билан солиштирганда ҳам энг катта ўсиш айнан микроқарзлар ҳисобига тўғри келади.
Май ойида кредит фаоллигидаа катта ўринга эга бўлган йўналиш яна марказлашган ресурслар ҳисобидан ажратиладиган кредитлар, хусусан пахта етиштириш билан боғлиқ кредитлар катта миқдорда молиялаштирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки энг катта кредит қўйилмалари ўсишига Агробанк (2,0 трлг.сўм) ва Миллий банк (1,1 трлн.сўм) эришган. Хусусий банклардан Капиталбанк портфелини ўта тез суръатларда ўстиришда давом этмоқда (+589 млрд.сўм).
Жами кредит портфелининг ўсиши муаммоли кредитлар улушининг нисбий емирилган ҳолда ўтган ой даражасида сақланиб қолишига имкон берган. 1 июнь ҳолатига NPL қолдиғи 18,3 трлн.сўм гача (+198 млрд.сўм) ўсган бўлсада, унинг улуши ўзгаришсиз - 5,3% даражасида қолган.
Агар кредитлаш мундарижасига эътибор берилса (давлат банкларининг ўта фаоллиги ва чакана секторда микроқарзнинг кўп ажратилиши) муддатли ўтган кредитлар фақат ўсиб боради, табиийки, банкларнинг молиявий соғломлигига саволлар кўпайишда, уларнинг бозор нархи пасайишда давом этади.