ОАВга имтиёз эмас, эркинлик керак
Кечаги қарор билан оммавий ахборот воситалари фойда солиғи бўйича 50%лик имтиёзга эга бўлди. ОАВлар импорт қилинадиган ускуналар ва қоғоз бўйича божлардан ҳам озод бўлишмоқда.
Мен кузатиб борадиган ва ҳурмат қиладиган биронта ОАВ ё уларнинг вакиллари имтиёз ё преференция сўраганини билмайман. Чунки ўзини, номи ва репутациясини ҳурмат қиладиган ОАВга имтиёз керак эмас. Аввало имтиёзлар пировардида фаолият ва савол майдонини торайтиради. Ўзи солиқ ва бож имтиёзига эга бўлган ОАВ қандай қилиб имтиёз ва преференциялар сиёсати зиёни ва зараркунандалиги, иқтисодий тараққиётга тўсиқлиги ҳақида позицияланиши мумкин?
Ҳар қандай солиқ ё бож имтиёзи бошқа ижтимоий гуруҳларга ва бизнесларга нисбатан адолатсиз қайта тақсимот ва имтиёз берилган гуруҳ учун мажбурий лоялликларни яратади. Энди шу адолатсизлик посангисига ОАВлар ҳам шерик қилинмоқда.
Давлатнинг ўзи ҳам ОАВга контент яратувчи бизнес ўлароқ қараса, имтиёзлар яратишдан тийилса кўпроқ ютади.
Дарвоқе, бугун прострация ҳолатига тушиб бораётган ўзбек оммавий ахборот воситаларига давлат тарафидан ростанам янги муждалар керак. ОАВга юқори мартабали шахсларнинг ҳомийлиги ва шафелиги эмас, Конституция ва қонунлар ҳимояси зарур. ОАВга эркинлик керак. Шунинг ўзи кифоя қилади.