Тошкентда нима гап? Янги Сергели боғи янги қўлга ўтади, Кенгашга оралиқ сайловлар сентябрга кўчирилади, Шота Руставели таъмирланади
Тошкент шаҳар ҳокими қарорига кўра "Янги Сергели" боғи Маданият бош бошқармасидан Ободонлаштириш бошқармаси балансига ўтказилади. Эътиборлиси, бу тўғридаги қарорга, хусусан Octopus Park МЧЖнинг хати асос бўлиб хизмат қилган. Octopus Park МЧЖ "Янги Сергели" боғи билан бир манзилда жойлашган. Раҳбари ва ягона таъсисчиси IBROXIMOV AZIZ AKRAMXANOVICH. Боғнинг балансдан балансга ўтиши биринчи марта юз бераётгани йўқ. Бир неча йил аввал боғ Ёшлар иттифоқи назорати ва мулкчилигида бўлган. Ишқилиб, бошқа боғларда бўлгани сингари боғнинг у ёғидан, буёғидан юлиниб, сотилиб, дом ёки бизнес марказлар қурилиб кетмаса бўлди. Сергелиликлар, бохабар бўлиб туринглар.
Иккинчи муҳим хабар Тошкент шаҳар кенгашига оралиқ сайловларнинг сентябрга қолдирилиши билан боғлиқ. СЭСнинг тавсиясига кўра, Тошкент шаҳар Кенгашининг бўшаб қолган сайлов округларида депутатлар сайлови 24 июлдан 25 сентябрга кўчирилмоқда. Яна 10 кундан кейин учта - 27-Дўстлик, 33-Тараққиёт ва 39-Қозиробод округларида сайловлар бўлиб ўтиши керак эди. Одатда бўшаб қолган округларда оралиқ сайловлар ими-жимида ўтказиб юборилади. Сайловларчилар унинг ўтган ўтмаганини билмай ҳам қолишади. Кимлар номзод, нималарни ваъда этишмоқда, ким сайланади - фақат рўйхат белгиловчилар ва тайинловчилар билишади. Масалан, ўтган йили ҳам 2 та округда оралиқ сайловлар ими-жимида ўтказилган. Сиз буни билармидингиз?
Учинчи муҳим хабар - Тошкентнинг яна бир узун ва фузун кўчаси Шота Руставелининг таъмирланиши билан боғлиқ. Пойтахт ҳокимлиги шаҳарнинг бусиз ҳам энг яхши, энг қулай ва сифатли кўчаларини таъмирлашни жуда хуш кўради. Яқиндагина Навоий кўчаси таъмирдан чиқарилгани ёдингизда бўлса керак. Энди навбат Шота Руставелига экан. Айтгандай, кўчанинг пиёдалар ва велосипедчилар йўлаклари ҳаммага таниш кўк-пушти бетон билан яқиндагина таъмирланган эди. Яна таъмирланадими?