"Бир кило пахтанинг пули бир литр дизелга ҳам етмаяпти"
Kommers.uz'нинг ёзишича, Uzbekistan GTL товар-хом ашё биржасига дизель маҳсулотини чиқармаяпти. 19 июль куни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳам биржа савдоларига дизель чиқармаган.
Нашр дизель ёқилғиси ошганидан норози фермерлар билан мулоқотда бўлган. Айрим иқтибослар:
"Эрта баҳорда 8-8,5 минг сўмдан олганмиз. Ҳозирги кунга келиб, қўлда сотиладиган дизель 13 минг сўм, энг арзон, сифатсиз ва яроқсиз дизель 12 минг сўм, ‘заправка’ларда эса маҳсулот нархи 14-15 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу нарх биз фермерларнинг шароитига умуман тўғри келмайди".
"Ушбу муаммолар Президентимизга етиб борса, натижа албатта кўзга кўринади. Лекин давлат раҳбари бехабар бўлса, фойдаси йўқ. Барча масъул раҳбарлар нарх-навони билиб турибди".
"Биз пахта экилганида далага 8-10 марта ишлов берамиз. Нархлар баланд бўлгани учун бу ҳам қисқартириб ташланди — 5 марта ишлов беришга ўтдик".
"Биз ҳамма маҳсулотни биржа нархида сотиб оламиз. Лекин кластерлар пахтамизни биржа нархида олмайди, ўзлари нарх-наво қўйиб, бизга ўзимиз етиштирган маҳсулотга эркин нарх белгилашимизга имкон бермайди. Пахтамизни биржа нархига ўтказиш керак, шунда адолатдан бўлади.
Мисол учун, шунда биржадан дизель олсак ҳам қийналмаймиз. Илгари бир килограмм пахтанинг пулига икки литр бензин олардик. Ҳозир эса бир кило пахтанинг пули бир литр дизелга ҳам етмаяпти".