Ўзбекистон тарихидаги энг қиммат заводнинг маҳсулотиям энг қиммат бўлади-да
Арзон дизель ва авиакеросинимиз бўлади, деган ёлғон ваъда шиорлар билан маъқуллатиб олинган, тарихимизда энг қимматга тушган завод "UZBEKISTAN GTL" дизель ёқилғисининг нархлари ошишда давом этмоқда. Бугунги биржа савдоларига "UZBEKISTAN GTL" дизель ёқилғисининг ҳар тоннаси 15,6 млн.сўмдан қўйилган. Бир ҳафта аввал 4 млрд.долларлик заводнинг маҳсулотлари илк марта савдога чиқарилганида бир тонна дизель 15,1 млн.сўмдан эди.
Айни қишлоқ хўжалиги ишлари авжида ва дизелга бўлган боғлиқлик юқори бўлган кунларда "UZBEKISTAN GTL" иштаҳаси кундан-кунга очилмоқда. Деҳқонларнинг шўри қурсин, фермерларнинг шўри қурсин, ўзбекларнинг шўри қурсин.
Майли, дизель ёқилғиси деярли уч баробар арзон Қозоғистон билан солиштирмаймиз, майли 4 млрдлик заводни тушидаям кўрмайдиган, фақат импорт ҳисобидан кун кўрадиган, лекин нархлар 2 баробар арзон Қирғизистон билан ҳам солиштирмаймиз.
Узоққа бормайлик, бу юҳоларга нисбатан ўзимизнинг Бухоро нефть қайта ишлаш заводи ҳам сал инсофлироқ чиқаяпти. Сув текин газдан эмас, нефтдан олинаётган дизель сал инсоф билан, тоннаси 15,2 млн.сўмдан савдога қўйилмоқда.
Бу каррасига қимматлаштирилган завод қурилиш пайтидаям ўзбекистонликларни қоқиштирган эди, мана ишга тушди дейилгандан кейин ҳам қоқиштиришда давом этмоқда.
Соф бозор товари бўлган унинг нархи, гўштнинг нархи, тухумнинг сал қимирлаб қолса, дарров чора тадбир тузишади, бозорни назорат қилишга ўтишади. Лекин ғирт монополлаштирилган ва каррасига қимматлаштирилган дизель бўйича эса ҳамма жим. Ҳеч ким ўйламайдики, отнинг калласидек дизелнинг нархлари эртага унниям, гўштниям, тухумниям нархини қимматлаштиради.