Пул массаси юқори суръатда кенгайишда давом этмоқда
Миллий валютадаги пул массаси июнь ойида яна 5%га ошган ва 113,6 трлн.сўмга етган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пул массасининг ўсиши 44 фоиздан зиёд бўлган.
Пул массасининг таркибида нақд пуллар ҳажми эса бунданда юқори суръатларда ўсмоқда. Июнда нақдликларнинг қолдиғи 10%га ўсган ва 40,5 трлн.сўмга етган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан муомаладаги нақд пуллар 56%га кўпайган.
Кеча регулятор Нақд пул муомаласи бўйича шарҳни ҳам эълон қилди. Шарҳдан кўриш мумкинки, муомаладаги нақдликларнинг ошиши чиқим қилинган нақд пулларнинг нақд пул тушумларидан кескин ошиши фонида юз бермоқда. Ўтган 6 ойда банклар тарафидан муомалага чиқарилган 11,7 трлн.сўм нақдлик ортга қайтмаган.
Нақд пул чиқимининг асосий қисми карталардан нақдлик ечиш ва нақд валюта сотиб олиш бўлиб қолмоқда.