Имтиёз сўрагани энди уялиш керак
Бир неча ҳафтадан кейин Давлат раҳбари тадбиркорлар билан учрашади, уларнинг ташвишлари, таклифларини эшитади.
Шаклланиб қолган анъаналар, ўрганиб қолган одатларимизга кўра Давлат раҳбари билан учрашганда илтимос ва таклифларнинг аксари индивидуаль тарзда бўлиши, шундаям кўпроқ шахсий имтиёз, ёрдам ва преференциялар ундириб олишга тааллуқлилиги кузатилади. Тўғри, умумиқтисодий мазмундаги, тизимли таклифлар ва чуқур ўлчовли ўзгартириш истаклари ҳам айтилади. Лекин бу камчилик.
Бу йилги учрашувда айнан шундай - умумиқтисодий, бизнес муҳитни яхшилаш, тенг имкониятлар яратиш, рақобатни қўллаб-қувватлаш ва монополияларни, протекционизмни чеклаш, ташқи савдони эркинлаштириш, бозорга киришни осонлаштириш, лозим бўлса аввал берилган барча индивидуаль имтиёзларини бекор қилиш каби масалалар кун тартибига чиқарилса, бундан ҳамма ютади: давлат ҳам, бизнес ҳам, истеъмолчилар ҳам.
Инобатга олиш зарурки, бюджетимиз имтиёз тарқатишни, преференцияларни ҳадя этишни бошқа кўтара олмайди. Ҳар бир имтиёз бошқаларга қўшимча солиқ юкламаси ёки ташқи қарзнинг ошишига олиб келади.
Қолаверса, имтиёз ва преференциялар тарқатишнинг аввалги пиар ва популистик эффекти ҳам тугаб битди. Халқ ҳам, соғлом бизнес ҳам имтиёзларнинг зарари ва тўлови қанчалар оғир эканини ўзининг танасида кўрди, сезди, бошқа алданмайди.
Ўзининг бутун тарвақайлаб кетган бизнес империясини имтиёзлар, преференциялар, протекционизм, мансаб ваколатларидан фойдаланиш ва тендерсиз буюртмаларни ўзлаштириш устига қурганлар ҳам бундай практикани тўхтатишлари керак. Халқ энди уларни бой ота эмас, ўғри бой деб ҳисоблашни бошламоқда, соғлом бизнеснинг эса бундай иш тутумига асло ҳаваси йўқ.
Хуллас, имтиёз сўраш бизнес учун энди уят бўлиши керак.
@the_bakiroo