Янги уй-жой сотиб олганлар ва фермерларга ҚҚСни қайтаришга оид имтиёзлар рад этилган. Қолганлар учун ҳам имтиёзлар бекор қилиниши керак!
Стратегия лойиҳаси ва Стратегияни 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор лойиҳасида:
Қўшилган қиймат солиғининг 100 фоизи қайтариб бериладиган солиқ тўловчилар тоифаларига:
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган аҳоли ва ёш оилаларга – қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган корхоналардан “Менинг биринчи уйим” дастури доирасида сотиб олинган янги уй-жойлар учун;
Қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизи қайтариб бериладиган солиқ тўловчилар тоифаларига:
жисмоний шахсларга – қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган корхоналардан сотиб олинган янги уй-жойлар учун;
фермер хўжаликларига – сотилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (пахта хомашёси ва ғалладан ташқари) учун киритиш кўзда тутилган эди.
Имзоланган фармон ва қарордан ушбу имтиёзлар чиқариб ташланган. Ва чиқариб ташлангани бугунги реалликларда тўғри ечим ҳисобланади.
Бюджетимиз илма-тешик бўлиб ётипти. Бошимизни ёпсак оёғимиз, оёғимиизни ёпсак бошимиз очилиб қолмоқда. Жамиятимизни люмпенлаштиришга йўналтирадиган, иқтисодиётимизни рақобатбардошлигини ўлдирадиган имтиёзларга бошқа дош бера олмаймиз.
Шу билан бирга шу пайтгача тортиқ этилган, хусусан ҚҚС билан боғлиқ барча имтиёзлар ҳам тўлиқ бекор қилиниши зарур. Биз ўзимизнинг ихтиёримиздаги триллионлаб солиқ тушумларидан воз кечган ҳолда, миллиардлаб доллар қарз кўтармоқдамиз. Бунинг мазасини давлат эмас, халқ эмас, бир тўп олигархия ва чўнтаклар сўришмоқда холос.